Токио-2020. Умумжамоа ҳисобида ким нечанчи ўринда?
Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳозирда 3 та олтин ва 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 31-ўринни эгаллаб турибди.

Ушбу натижани МДҲ мамлакатлари орасида оладиган бўлсак, Ўзбекистон Россия Олимпия қўмитаси делегациясидан сўнг 2-ўринни банд этган.
Марказий Осиё давлатлари орасида эса ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритишди. Ўзбекистондан сўнг 2-ўрин қўшни Қирғизистон делегациясига насиб этди. 16 нафар спортчи билан Олимпиядага борган Қирғизистон якунда 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди. Кейинги ўринларни Туркманистон (1 та кумуш) ва Қозоғистон (8 та бронза) эгаллади. Тожикистон эса мусобақани медалсиз якунлади.









