Токиода Паралимпия қишлоғи очилди
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар туфайли Паралимпия қишлоғининг очилиш маросими тантаналарсиз ўтди.


Бундан бир ой олдин Олимпия шаҳарчаси ҳам шу тарзда очилган эди. Қишлоқда яшаш учун барча шароит мавжуд — 8 мингга яқин ўрин учун уй жиҳозлари олиб келинди, протез ва ногиронлар аравачаларини таъмирлайдиган махсус марказ ишга тушган.
Қоидага кўра, паралимпиячилар қишлоққа мусобақадан беш кун олдин жойлашади ва уни ўйинлар якунланганидан сўнг икки кун ичида тарк этади. Спортчилар коронавирусга қарши ҳар куни тест топширади.
Эслатиб ўтамиз, Паралимпия ўйинлари Токиода 24 августдан 5 сентябрга қадар давом этади.
Жамшид Амиров







