Толибларга қаршилик кўрсатган вилоятга гуманитар ёрдам жўнатилди
“Толибон” Панжшерга гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда “Bakhtar News” хабар берган.


Афғонистон бош вазири Муҳаммад Ҳасан Оҳун Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида мамлакат қабул қилиб олган гуманитар ёрдамнинг бир қисмини Панжшерга жўнатиш ҳақида топшириқ берди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари савдогарлар, сарроф(валюта айирбошлаш билан шуғулланадиган шахс)лар, таниқли соҳа мутахассисларини ҳимоя қилишни таъкидлаган.
Сўнгги вақтларда Афғонистонга кўплаб давлатлар ёрдам қўлини чўзмоқда. Хусусан, 14 сентябрь куни Ўзбекистон Афғонистонга 1.3 минг тонна гуманитар ёрдам юборган. Шунингдек, БМТ қўшимча 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган.
Маълумот ўрнида: 15 август куни “Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаган. 31 августда АҚШ Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Ҳаракат томонидан эгалланмаган ягона вилоят Панжшер эди. Аммо 6 сентябрда ушбу ҳудуд ҳам “Толибон” назоратига ўтди. Шундан кейин толиблар 7 сентябрь куни мамлакатнинг янги ҳукумати тузилганини эълон қилди.
Жаҳонгир Қўзиев







