Ангела Меркель: “Афғонистондаги муваффақиятсиз ҳаракатлар ва эришилмаган мақсадлардан керакли хулосалар чиқаришимиз керак”
Ангела Меркель канцлер сифатида сўнгги бор Парижга ташриф буюрди. Бу ҳақда ”Euronews“ хабар берди.


16 сентябрда Меркель Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашган. Унда Афғонистондаги инқироз ҳамда Европанинг стратегик мустақиллиги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Сўнгги масала, айниқса, АҚШ, Буюк Британия ва Австралия ўртасида тузилган янги альянсдан кейин янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
"Афғонистонда НАТО миссияси якунланиши, бундай муваффақиятсиз ҳаракатларимиз ва эришилмаган мақсадларимиздан керакли сабоқ ва хулосалар чиқаришимиз керак", деган Германия канцлери.
Эммануэль Макрон Европа автономияси масаласига эътибор қаратган. Шу билан бирга Африка ва Ливиядаги терроризмга қарши кураш, Эрон мавзуси, Ҳинд ва Тинч океани ҳавзасидаги ядро қуроли масаласи муҳокама қилинган.
Германияда 10 кундан кейин парламент сайловлари бўлиб ўтади. Шундан сўнг Меркель канцлерлик ваколатидан воз кечмоқчи. У Германияни 2005 йилдан буён бошқариб келади.
Меркель бундан аввал Польшага қилган ташрифида Беларусни миграция масаласини кескинлаштиришда айблаган эди.
Жаҳонгир Қўзиев







