Японияда тўфон туфайли 400 нафарга яқин одам эвакуация қилинади
Японияга ёпирилган кучли тўфон туфайли мамлакатнинг марказий ҳудудларида 30 дан ортиқ рейслар бекор қилинди, деб хабар беради “NHK”.

Кюсю ороли соҳилига етиб келган тўфон шарққа қараб ҳаракатланишда давом этмоқда.
"Одамлар ҳалокатли об-ҳаво шароитига тайёргарлик кўрмоқда. Расмийлар тайфун босиб ўтадиган ҳудудларда яшовчиларни кўчки ва сув тошқинларидан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда", — дейилади хабарда. Қурбонлар ва жароҳат олганлар тўғрисида маълумот йўқ.
Ҳозирча 400 нафарга яқин одам эвакуация қилинади.
Тўфон якшанба куни эрталаб пасайиши кутилмоқда.
Бундан аввал Тайван ва Шанхайга ҳам кучли бўрон ёприлгани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Луизиана штатига даҳшатли тўфон кириб келганди.
Маълумот учун, Луизиана ўтмишда ҳам бу каби табиий офатлар билан тўқнаш келган. Хусусан, 2005 йилда штатда “Катрина” тўфони бўлиб ўтган, оқибатда 1 800 киши ҳалок бўлган. Ўшанда Янги Орлеаннинг 80 фоизи сув остида қолган, жами 108 миллиард долларлик зарар кўрилган. Лекин “Ида” штат тарихида охирги 107 йил ичида кузатилган энг кучли тўфон сифатида баҳоланмоқда.
Аввалроқ, АҚШда "Ида" бўрони қурбонлари сони 71 кишига етгани ҳақида хабар берилганди.
Насиба Тўхтаева







