Метрода 13 ёшли қизга тегaжоғлик қилган шахс ушланди
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Тошкент метрополитенинг «Олмазор» бекатида вояга етмаган шахсга нисбатан беҳаё ҳаракатлар содир этиб, қидирилаётган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар берди.


Маълум қилинишича, у илгари Жиноят кодексининг 166- (талончилик), 169- (ўғирлик) ҳамда 127-моддаларида (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги учун судланган, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро К.Ш. эканлиги аниқланди.
Таъкидланишича, ҳозирда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан ушбу шахснинг ҳаракатларида вояга етмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш жиноятининг аломатлари мавжудлиги текширилмоқда.
"Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ёки яқинларингиз ушбу фотосуратда кўрсатилган шахснинг ҳаракатларидан жабрланган бўлсангиз, дарҳол 102 рақамига ёки яқин орадаги ички ишлар органига хабар беришингиз сўралади", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ метрода 13 ёшли қизга тегажоғлик қилган эркак бўйича суриштирув ишлари бошлангани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







