Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро математика маркази ва жамғармаси ташкил этилади
Урганч давлат университети қошида Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро математика маркази ва жамғармасини ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Матбуот маркази Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашувида сўзлаган нутқига асосланиб хабар берди.


“Марказ математика бўйича иқтидорли ёшларни танлаб олиш ва илмга йўналтириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён қилишига кўмак бериш билан шуғулланади. Бундан ташқари, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали учун қўшимча минг ўринли янги ўқув биноси қурилади. Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали ва унинг қошида Урганч бошланғич рақс санъати мактаб-интернати ташкил этилади”, — дея таъкидлаган мамлакатимиз раҳбари.
Учрашувда вилоятдаги олийгоҳлар учун қўшимча 3,5 минг ўринли 8 та талабалар ётоқхонаси бунёд этилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент мактаби битирувчилари давлат ОТМларига имтиҳонсиз грант асосида қабул қилиниши, Қашқадарёда Ал Хоразмий мактаби очилиши мумкинлиги ҳамда Наманганлик қиз ҳам Президент, ҳам Ал Хоразмий номидаги мактаб синовидан ўтгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







