Ҳарбийлар хавфли ҳужумга учраган фуқарони ўлим чангалидан олиб қолди
Бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ўткир тиғдан жароҳатланган фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унда айтилишича, жорий йил 1 октябрь куни соат 16:50 атрофида Мудофаа вазирлигининг Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун кетаётиб, икки нафар фуқаро ўзаро жанжаллашаётганига гувоҳ бўлади. Воқеа Тошкент—Сижжак йўналишидаги автомобиль йўлининг ёқасида содир бўлган.
Ҳарбий хизматчилар зудлик билан машинани тўхтатиб, уларга яқинлашганида фуқаролардан бири жароҳатланган, иккинчисининг қўлида ўткир тиғли пичоқ борлигини кўради. Ҳарбийлар зудлик билан иккала фуқарони бир-биридан узоқлаштириб, қўлга олади ва жароҳатланган фуқарони Чорбоғ тез тиббий ёрдам бўлимига, иккинчисини эса ички ишлар бўлимига олиб боради.
Дастлабки сўров натижасида очиқланишича, 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.П. ўзига тегишли автоулов билан Тошкент шаҳрида туғилган С.М. исм-шарифли 26 ёшли фуқарони йўловчи сифатида 200 минг сўмга Чорбоғ қўрғонида жойлашган “Бочка” номли манзилга олиб бориб қўйишга рози бўлади.
Манзилга яқинлашиб қолганда фуқаро С.М. А.П. дан Тошкент—Сижжак йўлининг хилват жойида машинани тўхтатишни ва шу ерга яна бир ҳамроҳи келишилган пулни олиб келиб беришини айтади. Орадан маълум вақт ўтгач, ўзаро суҳбатлашиб ўтирганлар ўртасида жанжал келиб чиқади. Яъни машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган фуқаро С.М. А.П. га тўсатдан пичоқ билан ҳужум қилади. Ҳужум натижасида ҳайдовчи А.П. гавдасининг орқа қисми ва бел соҳасидан тан жароҳати олади. Ўзини ҳимоя қилиш ва жонини қутқариш мақсадида ҳайдовчи машинадан тушиб қочаётган вақтда ҳарбий хизматчилар уларни кўриб қолади ва А.П. нинг ҳаётини сақлаб қолади.
Ҳолат юзасидан ички ишлар бўлими ходимлари томонидан дастлабки суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Қамашида даҳшатли қотиллик юз бергани, Самарқандда ер талашган йигит пичоқлангани ҳамда Сирдарёда 17 ёшли бола тенгдошини пичоқлаб қўйгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







