Россияда миграция тўғрисидаги янги қонун ишлаб чиқилмоқда
Янги қонунда барча ҳужжатлар ўрнини босадиган ягона ҳужжатни жорий этиш ва чет эл фуқароларининг Россия меҳнат бозорига киришини соддалаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.


Хабарга кўра, Россия Федерацияси ИИВнинг маълум қилишича, миграция соҳасида ишлаб чиқилаётган янги қонун чет эл фуқароларининг мамлакатга кириб келиши, мамлакат ҳудудида бўлиши ва вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишини тартибга солади.
Янги қонун лойиҳасига Россия Федерацияси ИИВнинг Миграция масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи ўринбосари К.Aдзинов изоҳ бериб, миграция соҳасидаги қоидаларни тубдан ўзгартирадиган катта қонун ёзилаётгани, бу чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши, мамлакат ҳудудида бўлиши, ишлаши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларга таъсир қилиши ва ҳозирда амалда бўлган қатор ҳужжатларни бекор қилишини айтган.
Таъкидланишича, Россия Федерацияси ҳудудига киришнинг иккита асосий тури бўлади: визали ва визасиз. Ҳозирда чет элликлар учун расмийлаштирилаётган барча ҳужжатлар ўрнини босадиган ягона ҳужжатни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, мажбурий тиббий суғурта доирасида меҳнат мигрантларига тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббий визалар олиш қоидаларини аниқлаштириш ҳам назарда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, миграция тўғрисидаги янги қонун 2024 йилда кучга кириши мумкин.
Аввалроқ Россия Ўзбекистоннинг 150 минг фуқаросига мамлакатга киришга қўйилган тақиқни олиб ташлагани, хорижга кетаётган меҳнат мигрантларига қанча компенсация тўланиши очиқлангани ҳамда Россияда миграция тўғрисида ягона ҳужжат жорий этилгани ҳақида хабар берилганди.







