Ўзбекистонлик муай-тайчида допинг аниқланди
Қозон шаҳрида ўтказилган I МДҲ ўйинларида иштирок этган муай-тай спорт тури бўйича терма жамоа аъзосидан олинган допинг-синамасида тақиқланган модда қабул қилгани аниқланди.

I МДҲ ўйинларида 57 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи Фахриддин Ҳасанов олтин медалга сазовор бўлган эди. Жорий йилнинг 8 сентябрь куни мусобақа жараёнида топширган допинг-синамасидан «мелдоний» тақиқланган моддаси аниқланган. Мелдониум тақиқланган моддалар рўйхатининг С4. гoрмонлар ва метаболизм модуляторлари синфига мансуб ҳисобланади.
Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WАDА) Халқаро тестлаш ва тергов-суриштирув бўйича стандарти талабларига асосан, Ҳасанов жорий йилнинг 8 октябридан бошлаб мазкур ҳолат Россия антидопинг агентлиги (RUSADA) томонидан тўлиқ ўрганилиши ва тегишли қарор чиқазилгунга қадар спорт фаолиятидан вақтинча четлатилади.
Аввалроқ 23 ёшли велопойгачида допинг аниқлангани ва Диёрбек Ўрозбоев 3 йилга спорт билан хайрлашгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







