Мисрда Ўзбекистон миллий маданияти тақдимоти ўтказилди
Унда Малайзия, Индонезия, Нигерия ва бошқа давлатлардан келиб, таҳсил олаётган талабалар қатнашди.


Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси иштирокида Мисрнинг "Ал-Азҳар" диний мажмуасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик хотин-қизлар томонидан мамлакатимиз Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан халқимиз миллий урф-одатлари ва таомларини намойиш этувчи маданий тадбир ўтказилди.

“Дунё” ахборот агентлигининг хабар қилишича, тадбир аввалида ўзбек аёллари фаоли Муқаддас Ҳайдарова Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан мамлакатимиз разми ва унинг тарихи ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларни тарбиялаб вояга етказган ўзбек аёлларининг оиладаги ўрни ва қадри хорижликлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Юртдошларимиз томонидан тайёрланган миллий урф-одатларимиз, хусусан, ўзбек келинлари тарбияси, оила одоби тўғрисидаги саҳна чиқишлари меҳмонларга манзур бўлди.

Айниқса, мисрлик ва бошқа юрт вакиллари ўзбек миллий пазандачилигига юқори баҳо бериб, палов, сомса, қатлама ва бошқа лаззатли таомларни тайёрлаш сирларидан воқиф бўлди.

Таъкидланишича, "Ал-Азҳар" раҳбарияти келгусида бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиш, ўзбек халқи маданияти ва урф-одатларини кенг ёйиш орқали турли миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини изҳор этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон уламолари Бухорода бўлишгани ҳақида хабар берган эдик.







