Қўқонлик ота икки фарзанди учун алимент ўрнига хонадон ва "Nexia" автомашинасини берди
Қарздор отага нисбатан қўзғатилган ижро иши тугатилди.

Қўқон шаҳрида вояга етмаган фарзандини моддий ва маънавий томондан таъминлашни ёддан чиқарган ота (Ш.У.) анчадан бери фарзандлари учун алимент пулларини ўз вақтида тўламай юргани маълум бўлди.
МИБнинг Қўқон шаҳар бўлимига қарздор отадан ундирувчи М.У. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушди .
Қарздорга нисбатан қўзғатилган ижро иши юзасида МИБ ходимларининг саъйи ҳаракатлари билан Ш.У. фарзандлари вояга етгунига қадар тўланадиган алимент пуллари эвазига Қўқон шаҳрида жойлашган уй ва "Nexia" автомашинасини собиқ турмуш ўртоғининг номига ўтказиб берди.
Келишув битими фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди томонидан тасдиқланиб, қарздорга нисбатан қўзғатилган ижро иши тамомланди.
Аввалроқ, Самарқандда алимент тўламаган қарздор отанинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилгани ҳамда фарзанди учун салкам 370 миллион сўм алимент тўлаган ота ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







