Уч йил ичида мактабларда янги 474,5 минг ўқувчи ўрни яратилди
Бунга давлат бюджетидан 5 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

2018-2021 йиллар давомида юртимизда мактабларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яхшилаш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида мактабларида қўшимча янги 474,5 минг ўқувчи ўринлари яратилди.
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълумот берди.
Шундан 58,7 минг ўқувчи ўрни янгидан барпо этилган 156 та мактабда ҳамда навбатлилик коэффиценти юқори бўлган 1511 та умумтаълим мактабларига қўшимча ўқув бинолари барпо этилиши натижасида 371,4 минг ўқувчи ўрни яратилишига эришилди.
Юқорида тилган олинган қарийб ярим миллион ўқувчи ўрнини яратишга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 трлн.сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Шунингдек, мактаблар 11 йиллик таълим тизимига ўтиши муносабати билан бўшаб қолган 383 та касб-ҳунар коллежлари мактабларга айлантирилиши ҳисобидан 221 минг қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Ушбу янги ўқув ўринларининг яратилиши навбатлилик коэффиценти ошиб кетган мактаблардаги ҳолатни меъёр даражасига олиб тушишга ва таълим олишга муносиб шарт-шароитлар яратишга хизмат қилган.
Ҳукумат томонидан тасдиқланган тегишли ҳужжатга кўра, 2022 йилда Республика бўйича жами 306 та умумтаълим мактабларида, шундан 15 176 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 37 та мактабларни янгидан қуриш, 71 819 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 180 та мактабни реконструкция қилиш ва мавжуд 89 тасини мукаммал таъмирланиши белгиланган эди.
Ҳукуматнинг тегишли топшириғига кўра, ҳудудлардаги ҳолатни манзилли ўрганиш мақсадида турли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар ташкил этилиб ва улар томонидан бугунги кунда Республиканинг барча ҳудудларда мавжуд талаблар ўрганилмоқда.
Бугунги кунда республикада 5 млн.дан ортиқ ўқувчи ўрнига мўлжалланган 10 130 та мактабларда 6 млн. 246 мингдан ортиқ ўқувчилар таълим олмоқда.
Вазирлик прогнозларга кўра келгуси 5 йилликда мактаб ўқувчиларининг кутилаётган сони 7,5 млнга етиши кутилмоқда.
Аввалроқ, мактабларда Кембриж дарсликлари жорий қилиниши ҳамда Нурафшонда Президент мактаби очилгани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







