Нодирбек Абдусатторов пешқадамлар сафида бормоқда
Шу кунларда Испаниянинг Барселона провинциясидаги Кастелдефелс шаҳрида шахмат бўйича “El Llobregat” халқаро турнири бўлиб ўтмоқда.

Мазкур халқаро турнирда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан 150 нафар маҳоратли шахматчи ғолиблик учун баҳс олиб боришмоқда. Иштирокчилар рейтингида энг юқори поғонада қайд этилган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ортда қолган 4 тур натижаларига кўра 3,5 очко билан 2-7-ўриндан жой олган. У 4-турда оқ доналарда испаниялик Асис Гаргатагли Ҳиполито устидан ғалаба қозонди ва ўз очколари сонини 3,5тага етказиб олди.
“El Llobregat” халқаро турнирида ҳозирча очко йўқотмай келаётган ҳиндистонлик халқаро мастер Адитя Миттал пешқадамлик қилмоқда, унинг ҳисобида 4 очко бор. 6 нафар шахматчи, шу жумладан Нодирбек Абдусатторов ҳам 3,5 очко билан таъқиб этувчилар қаторидан ўрин олган. 5-турда Нодирбек қора доналарда айнан пешқадам А.Миттал билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, халқаро турнир швейцарча тизимда ўтказилиб, 9 турдан иборат ҳисобланади.
Аввалроқ 12 ёшли бола шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстерга айлангани ва Тошкент шаҳрида соврин жамғармаси 120 минг долларлик турнир ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







