Ёшларимиз 15 та медаль билан Осиё чемпионатида биринчи бўлишди
Ливан пойтахти Байрут шаҳри мезбонлигида ўтган дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё-Океания чемпионати ўз якунига етди.

Унда ўсмирларимиз 9 та олтин, 5 та кумуш, 5 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Кеча ёшларимиз ҳам икки кунлик муросасиз беллашувлар якунига кўра қитъада биринчи бўлишди. Унда термамиз аъзолари 7 та олтин, 2 та кумуш, 6 та бронза, жами 15 та медаль билан 15 давлат орасида умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни банд этди. Тўрт кун давомида Байрутда 16 маротаба Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Маълумот ўрнида: Қозоғистон терма жамоаси мусобақада 3 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза медали билан иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, кучли учликка 2 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза медали билан Жанубий Корея терма жамоаси якун ясаб берди.
Аввалроқ дзюдочиларимиз халқаро турнирни иккита медаль билан якунлашгани ва Давлат Бобонов президент совға қилган уйни бориб кўргани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







