Жамият

Нега шунча қурилишларга қарамай уйлар қиммат?

Бугун фаол ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг аксарияти хонадон сотиб олиш иштиёқида ёнишади.

Нега шунча қурилишларга қарамай уйлар қиммат?

 

1️⃣ Табиий талаб. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ўтган 30 йил ичида аҳолиси роппа-роса икки баробар ўсган давлат ҳисобланади. Иттифоқдан ажралиб чиқиш чоғида ҳам биз турар-жой етишмовчилиги ҳолатида бўлганмиз. Яъни муаммо тарихий илдизларга эга ва аҳоли кўпайиши билан янада мураккаблашди. Ҳозир ҳам шунча қурилишларга қарамай аҳоли ўсиши анча олдинда. Қолаверса, кўп уй қуриш нари борса 6-7 йил олдин бошланди холос;

 

2️⃣ Ёшликни эсланг – бир ҳовлида ота-она, ака-укалар хотинлари билан бемалол яшайверишган (“Келинлар қўзғолони”). Албатта, ўша даврларда оқибат, самимийлик кучлироқ бўлгани ҳам бор гап. Лекин асосий сабаб бир ҳовлида бўлса-да, бошпаналик бўлиш ҳам катта ютуқ ҳисобланган. Бир уй, бир даҳлизга шукр қилинган. Бугун эса ҳар қандай оила алоҳида турар-жой истайди. Бир ҳовлида 2-3 оила яшаши жуда камёб ҳодисага айланди. Бу ҳам талаб ошишига хизмат қилади;

 

3️⃣ Янги уйлар кўп қуриляпти, лекин уларнинг кўп қисми инвестицион мақсадларда сотиб олиняпти. Яъни ҳақиқий уйга муҳтож одамлардан ташқари кўчмас мулк баҳоси ошишини билган ва ижарадан даромад қила оладиган тадбиркорлар синфи шаклланиб улгурди. Ижарада яшаш эса у қадар ғайритабиий ҳолат бўлмай қолди;

 

4️⃣ Тан олмасакда, аҳоли даромади ошяпти ва жуда кўпчилик биринчи навбатда кўчмас мулк харид қилишга ҳаракат қиляпти. Бозорда эса ҳар доимгидек талаб/таклиф қонуни ишлайди. Шу билан бир пайтда қурилиш материаллари, иш ҳақи ҳам муттасил ошяптики, булар янги қурилишлар арзонлашувига тўсиқ;

 

5️⃣ Ўзбекистонда урбанизация (шаҳарларга кўчиш) анча кеч бошланган ва ҳануз давом этмоқда. Демак йирик шаҳарларга босим ҳали сақланиб туради, кўчмас мулк ҳам қийматини йўқотмайди. Шаҳарларда қурилишлар кўпайиши мантиққа зид бўлсада, бир жиҳатдан ҳатто ўша кўчмас-мулкнинг қиймати ошаверишига хизмат қилиб ҳам қолади. Чунки майдон кичраявергани сари ернинг баҳоси ортаверади. Қолаверса, коррупция омили ҳам жуда жиддий. Ерни эгаллашда қора схемалардан фойдаланилади, қурилишда ўғирлик кўп, ҳужжатлаштириш шаффоф эмас. Буларнинг ҳаммаси қўшимча харажатга айланиб, охир-оқибат ўша харидорнинг гарданига тушади.

 

Назаримда асосан мана шу омиллар уй-жой баҳосининг ошишига таъсир қилмоқда.

 

Бугунги кунда фаол ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг аксарияти хонадон сотиб олиш иштиёқида ёнишади. Бу жуда қувонарли ҳолат. Чунки аниқ мақсад бор, интилиш бор. Уларнинг ҳар бирига омад берсин! Олдин ҳам айтганимдек, уй қимматлиги иштиёқни сўндирмаслиги керак, аксинча, юксакроқ марраларни кўзлашга ундаши лозим.

 

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда муаллифнинг "Қандай қилиб уй олса бўлади?" сарлавҳали мақоласи нашр этилганди.

 

Аброр Зоҳидов

custom img

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

20 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс билан Тошкентга етиб келди.

custom img

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Cobalt бошқарув йўқотилиши натижасида йўлдан чиқиб кетган.

custom img

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида никоҳ барқарорлиги сақланган, лекин Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятида ажримлар сони юқори.

custom img

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон ТИВ ойдинлик киритди.

custom img

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

Марҳум Stony Brook университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналишида таҳсил олаётган бўлган.

custom img

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Укасининг сувга тушиб кетганини кўрган ака уни қутқармоқчи бўлган.

custom img

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлган блогер 20,6 млн сўм жаримага тортилди.

custom img

Тошкентда фуқаро Tracker да бир гуруҳ кишиларни қассдан уриб юборди

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий ахборот берди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"