Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг янги тартиби белгиланди
Низомга кўра, олий ҳарбий таълим муассасалари (ОҲТМ)да ўқишга саралаб олиш ва қабул қилиш Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари томонидан амалга оширилади.

Саралаб олиш тадбирлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
• ҳарбий-профессионал йўналтириш;
• дастлабки саралаб олиш;
• тест синовлари.
Диққат! Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.
Маълумот учун, номзодлар яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимларига ариза билан, ҳарбий хизматчилар эса хизмат жойидаги тегишли командир (бошлиқ) номига билдирги билан мурожаат қилади.
Аризалар ёки билдиргилар қабул йилининг 1 февралидан 31 мартигача (шу куни ҳам) қабул қилинади.
Дастлабки саралаб олиш тадбирлари икки босқичда ўтказилади:
Биринчи босқич 1 февралдан 10 апрелгача (шу куни ҳам) бўлиб ўтади. Бунда ёшлар (талабалар) учун – мудофаа ишлари бўлимларида, ҳарбий хизматчилар учун – хизматни ўташ жойида биринчи босқичдан ўтказилади.
Иккинчи босқич эса 11 апрелдан 31 майгача (шу куни ҳам) бўлиб ўтиши режалаштирилган. Саралаш жараёнлари мудофаа ишлари бошқармалари ва Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасаларида ўтказилади. Унда ёшлар (талабалар) ҳам, ҳарбий хизматчилар ҳам қатнашишади.
Эслатма. Олий ҳарбий таълим муассасалари(ОҲТМ)га тест синовларисиз кириш имтиёзига эга бўлган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар қабул йилининг 25 июнигача Давлат тест марказига тақдим этилиши лозим.
Шунингдек, чет тилини билиш бўйича камида В2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификат тақдим этганларга чет тили фанидан тўплаш мумкин бўлган максимал балл қўйилади ҳамда улар чет тили фанидан тест синови топширмайди.
Маълумот учун, ОҲТМда тест синовлари ҳар йили июл-август ойларида номзодлар танлаган ҳудудларда ўтказилиши белгилаб қўйилган.
Диққат! Низомга биноан, курсантларга ўқишини бир вазирлик ва идоралар Олий ҳарбий таълим муассасасидан бошқа вазирлик ва идоралар ОҲТМига кўчиришга рухсат этилмайди.
Мазкур низом Давлат хавфсизлик хизмати академиясида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартибига татбиқ этилмайди.
Шунингдек, Жамоат хавфсизлиги университетида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш ҳамда мазкур университет курсантлари (талабалари) ва тингловчиларини ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартибига нисбатан амал қилмайди.
Аввалроқ Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқлангани ҳамда ҳарбий хизматга чақирилишда бўлган янгиликлар ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







