Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпионларига қарши дона сурди
Шу кунларда “Airthings Masters” мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

Мукофот жамғармаси 150 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур турнирда сайёрамизнинг энг кучли гроссмейстерлари қатнашмоқда. Улар орасида шахматнинг рапид йўналиши бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этмоқда.
Биринчи кунида Абдусатторов 4 та партияда рақибларини мағлуб этишга эришди. Мусоабақанинг амалдаги ғолиби жаҳон тождори Магнус Карлсен бу сафар ҳам ёш гроссмейстеримизни мағлуб эта олмади. Карлсенга қарши қора доналарда ҳаракат қилган Нодирбек дуранг натижа қайд этди. Кеча Абдусатторов мусобақа доирасида яна 4 та партия ўтказди.
Шахматчимиз 5-турда жаҳон тожига сўнгги даъвогар, россиялик Ян Непомняший билан қора доналарда ўйнади ва имкониятни бой бериб қўйди. Олтинчи турда аёллар ўртасида 12-жаҳон чемпиони, россиялик Александра Костенюкни мағлубиятга учратди. Еттинчи партияда қора доналарда ўйнади ва германиялик халқаро гроссмейстер Винсент Кеймерга ютқазиб қўйди. Саккизинчи турда эса АҚШ вакили Ханс Ниеменндан устун келди.
Шу тариқа, Нодирбек Абдусатторов иккинчи кунги баҳсларда 2 ғалаба ва 2 мағлубият қайд этди. Бугун ҳамюртимиз 9-турда ҳиндистонлик Прагнанандха, 10-турда ветнамлик Лием Куанг Ле, 11-турда канадалик Эрик Хансен, 12-турда эса хитойлик Лирен Динг билан баҳс олиб боради.
Маълумот учун, 16 халқаро гроссмейстер иштирокидаги мусобақа рапид йўналишида ўтказилмоқда. Дастлаб иштирокчилар 15 турдан иборат саралаш босқичида ўзаро куч синашади. Шахматчилар тўплаган ҳар бир очкоси учун 250 доллардан мукофот олишади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Полшада ўтказилган жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторов Магнус Карлсенни мағлубиятга учратган эди.
Аввалроқ, шахмат бўйича топ-100 талик рейтинг эълон қилингани ва Нодирбек Абдусатторовга 2 хонали уй берилгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







