Абдулазиз Комилов: "Биз ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олмадик"
Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси ТИВ раҳбари Ўзбекистоннинг Украинадаги вазият юзасидан позициясини маълум қилди.

Абдулазиз Комиловнинг Сенатдаги чиқиши пайтида сенатор Қутбиддин Бурхоновинг Украинадаги вазият ва унда Ўзбекистоннинг позицияси ҳақида савол билан мурожаат қилди.
Комилов вазият Ўзбекистонда хавотир уйғотганини маълум қилди. Шу билан бирга расмий Тошкент вазиятни тинч йўл билан ҳали қилиш муҳимлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон Россия билан ҳам, Украина билан ҳам яхши алоқаларга эга. Миллий манфаатларга таяниб, ҳар икки давлат билан яхши алоқаларни давом эттирамиз. Масалан, Россия бизнинг энг йирик савдо ҳамкоримиз. Украина билан ҳам яхши савдо алоқаларимиз бор. Хусусан, ўтган йили Киев билан савдо айланмаси 704 миллионни ташкил этди.Украина ҳудудий яхлитлигини тан оламиз. Ўзбекистон ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олмади”, — деган у. Вазир Тошкент вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини маълум қилган.
Абдулазиз Комилов Россияга қарши жорий этилган санкциялар Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатганини таъкидлади.
Шунингдек, ТИВ раҳбари ҳозирда Украинада 300 га яқин Ўзбекистон фуқаролари қолаётганини ва уларнинг тез орада эвакуация қилинишини қайд этди.
Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.







