“Барселона” Дибала билан шартнома имзоламоқчи
“Ювентус” ҳужумчиси Пауло Дибала “Барселона”нинг нишонига айланди.

“Mundo Deportivo” нашрининг хабарига кўра, ҳужумчи ёзда клубга текинга ўтиши мумкин. Каталония клуби ҳозирда молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда, шунинг учун бор эътиборини янги ўйинчиларни текин сотиб олишга ҳаракат қилади. Жамоа аллақачон футболчининг шартнома шартларини ўрганишга киришган.
Олдинроқ “Ювентус” 28 ёшли Дибалага мавсумига 6-7 миллион евро маош таклиф қилгани маълум бўлган эди. Пауло бу таклифдан норози бўлиб, янги жамоа излай бошлаган эди. 2022 йилнинг ёзида аргентиналик ҳужумчининг “Ювентус” билан амалдаги шартномаси якунига етади.
Дибала жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 29 та ўйинда 13 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди. Трансфермаркт онлайн портали футболчининг нархини 40 миллион еврога баҳолаган.
Аввалроқ, “Барселона” ҳужумчи излаётгани ва Дембеле Каталонияда қоладиган бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







