Электромобиллар: уларнинг оммалашувига нималар сабаб бўлмоқда?
2035 йилга бориб Евроиттифоқ давлатлари тўлиқ “яшил” автомобилларга ўтиши мумкин.

Бир неча йил аввал дабдаба рамзи бўлган автомобиль бугун ҳаётнинг ажралмас қисмига, заруратга айланди. Кундан кунга машиналарга талаб ошиб бормоқда. Бу эса уларнинг атроф-муҳитга таъсири масаласини кун тартибига чиқаради.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар барча технологияларнинг экологияга таъсирини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Барча иқтисодиёт тармоқларининг “яшил” лойиҳаларга ўтиши ўзига хос трендга айланяпти. Бу автомобилсозликни ҳам четлаб ўтмади. Ҳозирда дунёнинг йирик автоконцернлари электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.
Масалан, ўтган йили Европа Комиссияси автомобиллардан ис гази чиқишини камайтиришга доир ўз таклифларини эълон қилди. Хусусан, унда 2025 йилга келиб анъанавий ёнилғида ҳаракатланадиган машиналар ҳажмини 15 фоизга, 2030 йилда эса 55 фоизга камайтириш белгиланган. 2035 йилга келиб ЕИ давлатлари тўлиқ “яшил” автомобилларга ўтиши лозимлиги таъкидланган.
Электромобиллар улушини ошириш қатор структуравий масалаларни ечиш орқали амалга оширилади. Масалан, уларни ишлаб чиқариш учун барқарор хомашё базасига эга бўлиш, уларни зарядлаш станцияларини кўпайтириш ва энг муҳими автомобиль таннархининг арзонлиги муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу турдаги машиналарнинг ишлаб чиқаришнинг кенгайиб бориши айрим турдаги фойдали қазилмаларга, хусусан, литий, никель, кобальт, графит ва камёб металларга бўлган талаб ошди. Бу ишлаб чиқарувчиларни янги бозорлар, янги ҳамкорлар излашга мажбур қилмоқда. Талаб айниқса, Хитойга юқори, айнан шу давлат электромобиллар ишлаб чиқаришда етакчи. Бундан буён уларга бўлган талаб янада ошади, чунки, деярли барча автомобиль компаниялари “яшил” лойиҳаларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Зарядлаш станцияларини кўпайтириш яна бир муҳим масала. Юқорида номи тилга олинган Еврокомиссия таклифларида шу мақсад учун 50 миллиард инвестиция зарурлиги қайд этилган. ETAuto нашри маълумотларига кўра, 2021-2027 йилда ушбу сектор йилига ўртача 20 фоиздан ўсади. 2027 йилда зарядлаш станциялари сонини 2.8 миллионга етиши тахмин қилинган.
Электромобиллар оммалашувига энг катта тўсиқ бу уларнинг нархи бўлиб қолмоқда. Дунё бозорида уларнинг ўртача нархи одатий машиналарга нисбатан икки баробар қиммат. Аммо иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммо охир-оқибат уларнинг нархи арзонлашишига сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистон ҳам глобал трендлардан ортда қолмасликка ҳаракат қилмоқда. Хусусан, 2021 йил ноябрида Глазгода бўлиб ўтган халқаро иқлим конференциясида Тошкент 2030 йилда электромобилларнинг автотранспортдаги улушини 20 фоизга етказиш бўйича мажбурият олди.
Республикада сўнгги йилларда электромобиллар улуши ортди. Давлат Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ушбу машиналар импорти 4.5 баробарга ортган (1125 та).
Ҳукумат электрокарларни оммалаштириш учун қатор ишларни амалга оширмоқда. Масалан, ҳозирги кунда улар акциз ва божхона тўловларидан, шунингдек, турли йиғимлардан озод қилинган.
Бундан ташқари, яқин йилларда Ўзбекистоннинг ўзида электромобил ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. 2022 йил 20 август куни “Ўзавтосаноат” Хитойнинг BYD автокорхонаси билан бу бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Агар ушбу лойиҳа амалга оширилса, яқин йиллар ичида электромобиллар ҳажми кескин ортади. Сабаби, BYD дунёнинг энг катта ишлаб чиқарувчиларидан бири.
“Яшил” машиналарнинг кўпайиши Республика бўйлаб зарядлаш станцияларининг ҳам кўпайишига сабаб бўлмоқда. PlugShare портали маълумотларига кўра, пойтахтдан ташқари 7 вилоятда бу каби станциялар фаолияти йўлга қўйилган.







