“Субсидиялар пойгаси” АҚШ ва Европа муносабатларини кескинлаштирадими?
АҚШ ва Евроиттифоқ яшил иқтисодиётга субсидиялар масаласида келиша олмаяпти. Иқтисодий қарама-қаршилик сиёсий бўлинишга олиб келмайдими?

19 декабрь куни Франция ва Германия иқтисодиёт вазирлари Ле Мэр ва Роберт Хабек қўшма баёнот эълон қилди. Унда “яшил” компанияларга субсидия ажратишни назарда тутувчи Европа қонун-қоидаларини янгилаш таклиф қилинади. Ушбу тавсия АҚШнинг инфляцияни пасайтиришга қаратилган қонуни бўйича ўтказилган ва боши берк кўчага кириб қолган музокаралар ортидан берилди.
Вашингтон эълон қилган қонун яшил саноатга 369 миллиард доллар ёрдам пакетини ажратишни назарда тутади ва у 1 январдан кучга киради. ЕИ расмийларининг фикрича, бу Америка компанияларининг Европадаги рақобатчиларидан устунлигини таъминлашга ва Евроиттифоқда ишлаб чиқарилган товарларнинг рақобатбардошлилигини пасайишига олиб келади. Натижада Европа компаниялари оммавий тарзда АҚШга кўчиб ўтишига сабаб бўлади. Сабаби 1 январдан бу ерда бизнес учун шароитлар “кўҳна қитъа”га нисбатан осонлашади, шунингдек, энергетик ресурслар нархи ЕИга нисбатан анча арзон.
Ле Мэр ва Хабек АҚШ билан келишувга эришишга ишонмаяпти, шунинг учун улар иқтисодиётнинг устувор йўналишларига субсидия ажратиш бўйича Европа стандартларини қайта кўриб чиқиш муҳимлигини таъкидламоқда. Вазирларнинг фикрича, ЕИ давлатлари Американинг иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш режаларига мос жавоб қайтара олиши керак.
“Бизнинг мақсадимиз аниқ: яшил саноатда Евроиттифоқнинг мустаҳкам етакчилигини таъминлаш”, – дейилади баёнотда.
АҚШда юқоридаги қонун қабул қилингандан буён Брюссель Вашингтондан Европа компаниялари учун истисно жорий этишни сўраб келади: ҳозирга қадар Мексика ва Канадага нисбатан шундай тартиб белгиланган. Бу масала Эммануэль Макрон ва Жозеф Байденнинг декабрь бошидаги учрашувида асосий муҳокама мавзуси бўлганди. Байден франциялик ҳамкасбига қонунни қайта кўриб чиқишга ваъда берган бўлса-да, ўша пайтнинг ўзидаёқ бу қийинчиликка дуч келиши аниқ эди.
Музокаралар якуни бўйича Европа-Америка маслаҳат гуруҳи тузилган ва унга катта умидлар боғланган бўлса-да, шу пайтга қадар келишмовчиликларни ҳал қилиш учун амалий қадамлар ташлангани йўқ. The Economist яқин икки йилда Америка томони қонунга ўзгартириш киритмаслигини қайд этган. Бунга Конгрессда демократларнинг мутлақ устунлиги йўқолгани сабаб қилиб кўрсатилган. Нашр “субсидиялар пойгаси” ягона ечим эканини таъкидлаган.
Эътиборлиси, Франция ва Германия вазирлари баёнотидан бир неча кун аввал, ЕИ саммитида Олаф Шольц муаммони музокаралар ёрдамида ҳал қилишга чақирганди. Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен эса бу масалага тўхталишдан қочганди. Шу билан бирга саммитдан олдин у Иттифоқ давлатлари етакчиларига мактуб юбориб, унда Европанинг Америка қонунларига қарши молиявий чораларини қўллаб-қувватлашга чақирганди.
Euractiv портали маълумотларига кўра, Брюссель Вашингтон билан муаммони Жаҳон савдо ташкилотига мурожаатдан олдин икки томонлама комиссия доирасида ҳал қилишни хоҳлаган. The Economist ҳам ЖСТ механизми ишга туширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Аммо Трамп ва Байден администрацияси ЖСТда баҳсларни кўриш механизмини заифлаштирганди, шу сабабли унинг ҳозирги низодаги роли қандай бўлиши номаълум. Журнал ҳозирги вазиятни Америка ва Европанинг Airbus ва Boеing масаласида 17 йиллик низосига ўхшатмоқда.
Бу ЕИ ва АҚШ ўртасида сиёсий бўлинишга олиб келадими?
Ғарбий Вашингтон университети профессори Эдаврд Олден ўзининг Foreign Policy журналида эълон қилган мақоласида қайд этганидек, АҚШ ва Европа субсидиялар масаласидаги келишмовчилиги фундаментал Трансатлантика бўлинишига олиб келмаслигини яхши тушунади.
“Россия ва Хитой томонидан икки томонлама таҳдидлар совуқ уруш давридан буён энг кучли даражага чиқди. Бу Қўшма Штатлар ва Европани ҳамкорлик қилиш ва иқтисодий баҳсларни... ҳал қилишга мажбур қилади”, – деган эксперт.
Айрим экспертлар бу каби низолар биринчи марта учрамаётганини қайд этган. Масалан, ўтган асрда АҚШ ва Япония ўртасида ўта шиддатли савдо урушлари бўлган, аммо уларнинг иттифоқчилиги давом этмоқда.








