Дунё чуқур қайта қуриш жараёнларини бошидан кечирмоқда — Президент Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтаётган Петербург халқаро иқтисодий форуми ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Президент глобал иқтисодиётдаги ўзгаришлар, минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш масалаларига тўхталди.
Давлат раҳбари форумда иштирок этиш имконияти учун Владимир Путинга миннатдорлик билдириб, Самия Сулуҳу Ҳассан ҳамда Хан Чженгни қутлади.
Президент ўз нутқида Петербург халқаро иқтисодий форуми ўттиз йил давомида жаҳон миқёсидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун нуфузли мулоқот майдонига айланганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россияни тарихий, маданий ҳамда инсоний ришталар боғлаб туришини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўплаб ўзбекистонликлар Ленинград мудофаасида қатнашгани, Тошкент эса эвакуация қилинган миллионлаб инсонларни қабул қилганини эслатиб, бу воқеалар икки халқнинг умумий тарихий хотирасининг бир қисми бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Нутқ давомида давлат раҳбари глобал иқтисодиётда кузатилаётган таркибий ўзгаришларга ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, дунё чуқур трансформация даврини бошдан кечирмоқда, транспорт йўналишлари ва ишлаб чиқариш занжирлари янгиланмоқда, сунъий интеллект технологиялари эса иқтисодиётнинг турли тармоқларига жадал кириб бормоқда.
Президент энергетика, озиқ-овқат ва рақамли хавфсизлик масалалари қайта кўриб чиқилаётганини, рақобат эндиликда нафақат бозорлар ва табиий ресурслар, балки технологиялар, логистика ҳамда инфратузилма соҳаларида ҳам кучайиб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси жаҳон иқтисодиётида беқарорлик кучайиб бораётган бир пайтда кооперация, барқарорлик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик маконларини шакллантиришга қодир давлатлар ва минтақаларнинг роли тобора ортиб бораётганини таъкидлади.








