Британияда ўтган йили ҳайдовчиларга кунига ўртача 915 минг долларлик “штраф” ёзилган
Суғурта компанияси ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.

Буюк Британияда автомашиналарни нотўғри жойлаштириш оқибатида 2022 йилда ҳайдовчиларга кунига 750 минг фунт стерлинг (915 минг доллар) жарима ёзилган. Бу ҳақда Churchill Motor Insurance суғурта компанияси ҳисоботида сўз боради.
Унинг маълумотларига кўра, ўтган йил давомида кунига ўртача 20 минг автомобиль жаримага тортилган. Бу 2021 йилга нисбатан 12 фоизга кўп. Ушбу кўрсаткич бўйича Лондон шимолидаги Ислингтон муниципал кенгаши етакчи бўлган. Бу ерда кўнига мингга яқин жарималар ёзилган.
Умуман олганда, маҳаллий кенгашлар жарималар ортидан бир йилда 777 минг фунт-стерлинг даромад топган. Қироллик автомобиль клуби директори Стив Гудинг ҳайдовчилар ўтган йили ўртача ҳар икки сонияда қоидани бузганини қайд этган.
Лондонда машиналарни нотўғри жойлаштирганлар 130 фунт-стерлинг (160 доллар) жаримага тортилади. Пойтахт ташқарисида бу 70 фунт (85 доллар)ни ташкил этади. Одатда ҳайдовчилар жаримани қоида бузгандан сўнг, икки ҳафта ичида тўласа, уларга 50 фоиз чегирма берилади.







