26 триллион доллар сайёра аҳолисининг 1 фоизи қўлида тўпланган
Бутун дунёда тенгсизлик мисли кўрилмаган даражада ошгани айтилмоқда. 820 миллион одам очликдан азият чекади, уларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Сўнгги 25 йилда илк бор қашшоқлик ва ўта бойлар сони бир хилда ўсмоқда. Корпорациялар ва уларнинг эгалари турли инқирозлардан катта фойда оляпти. Бу ҳақда Oxfam хайрия ташкилотининг йиллик ҳисоботида сўз боради.
Ҳисобот “Бойларнинг яшаб қолиши” деб номланади. Унда қайд этилишича, 2020 йилги инқироз — пандемия давридан тўпланган бойликнинг 62 фоизи дунё аҳолисининг атиги бир фоизи қўлида тўпланган. У 26 триллион долларни ташкил этмоқда. Қолган бойлик — 16 триллион доллар эса 99 фоиз одамлар қўлида қолган.
Ўтган йили озиқ-овқат ва энергетика компаниялари даромади ўсиши ҳисобига миллиардерлар бойлиги янада ошди. Хусусан, улар 2022 йилда даромадини икки баробарга оширган.
Сайёранинг ҳар ўнинчи одами очликдан азият чекмоқда
Бир вақтнинг ўзида, ҳозирда инфляция ойлик маошдан кўра тезроқ ўсаётган давлатларда 1.7 миллиард одам яшайди. Сайёранинг ҳар ўнинчи аҳолиси, ёки 820 миллион инсон очликдан азият чекмоқда. Уларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Бу катта эҳтимол билан Иккинчи Жаҳон урушидан кейин тенгсизликнинг энг катта ўсиши бўлди. Oxfam бойларга солинадиган солиқни оширишга чақирди.







