Ўзбекистон Туркманистондан нефть сотиб олади
Petronas Çаrigali компанияси билан музокаралар бўлиб ўтди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти Ўзбекистон Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб турган Petronas Çаrigali (Туркманистон) компанияси делегацияси аъзолари билан учрашув ўтказди.
Ушбу музокаралар давомида томонлар аввал эришилган келишувлар ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалани амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди. Компаниялар ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг Petronas Çаrigali компаниясининг ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро муносабатлари истиқболлари муҳокама қилинди. Заводга нефть хом-ашёси импорти борасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар 2023 йилда Туркманистондан Ўзбекистон Республикасига нефть етказиб бериш дастурини биргаликда тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди.
Маълумот учун: Petronas Çаrigali компанияси Каспий денгизининг Туркман шельфида нефть ва газ қазиб олиш операторларидан бири ҳисобланади. Малайзиянинг тўлиқ интеграциялашган нефть-газ трансмиллий компанияси Петронаснинг шўъба корхонаси бўлиб, у ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёдаги етакчи нефть ва газ компанияларидан бири ҳисобланади.







