Россия нефтига қўйилган чеклов оқибатида 8 миллиард евро кам пул ишлади
Москванинг “қора олтин”дан олган даромади 30 фоизга камайди.

Россия нефтига нарх чегарасининг жорий этилиши муносабати билан январь ойида Кремлнинг нефть ва газдан тушган даромадлари учдан бирига қисқарди, деди Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Бирол.
Маълумотларга кўра, январь ойида РФ нефть ва газ сотишдан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 миллиард еврога кам даромад олган. Яъни даромаднинг пасайиши 30 фоизни ташкил этди.
Таҳлилчиларга кўра, Европанинг Россия нефтининг импортини тақиқлаши ва Ғарб давлатлари томонидан ўрнатилган нарх чегараси Москвага кунига 160 миллион еврога тушади.
Европа Иттифоқининг Россия нефтига денгиз орқали етказиб бериладиган эмбаргоси 5 декабрдан кучга кирди. Шу билан бирга, Европа, G7 давлатлари ва Австралия Россия нефть етказиб беришнинг бир баррелига 60 доллардан юқори чегарани белгилади.
Бундан ташқари, EИ 5 февраль куни Россиядан келадиган нефть маҳсулотларига иккита нарх чегараси белгилашга қарор қилди. Хом нефтга чегирма билан сотиладиган нефть маҳсулотлари бир баррель учун 45 доллардан юқори нархга эга бўлади.
Хом нефтга устама билан сотиладиган қайта ишланган нефть маҳсулотлари учун баррель учун 100 долларлик иккинчи чегара нархи ўрнатилади.
Бунга жавобан Россия президенти Владимир Путин нарх чегарасини жорий қилган “дўстона бўлмаган” давлатларга нефть етказиб беришни тақиқловчи фармонни имзолади.







