Стрессни бошқарамиз
Кўплаб тадқиқотлар натижасида стрессни бошқариш учун қатор тавсиялар ишлаб чиқилган.

Стресс — организм ҳолати бўлиб, у эмоционал босим бўлганида юзага келади. Баъзан у самаралироқ ҳаракатланишга сабаб бўлади ва мотивация беради. Аммо доим ҳам инсон стресс вазиятларга дош бера олмайди ва кучсизланиб қолиши мумкин.
Бугунги мақолада стрессни бошқариш ва ундан ўзимизни ҳимоя қилиш ҳақида гаплашамиз.
Аввало, стресс организмнинг нормал реакцияси эканини тушуниб олиш керак. Бу ҳар қандай инсонда нафақат кучли руҳий, балки жисмоний зўриқиш, ёки бўлмаса, “э йўқ, бе йўқ” юзага келиши мумкин бўлган ҳолат.
Кўплаб тадқиқотлар натижасида стрессни бошқариш учун қатор тавсиялар ишлаб чиқилган.
Доим фаол ҳаракатланишга ва ижобий кайфиятни ушлаб туришга ҳаракат қилинг
Жисмоний фаоллик умумий саломатликка яхши таъсир қилиши билан бирга депрессив ҳолатни енгиллаштиради, қон босимини меъёрга солади ва қондаги қанд миқдорини нормаллаштиради.
Жисмоний машқларни бажариш учун залга чиқиш шарт эмас, лифтдан фойдаланишни тўхтатинг, дўконга пиёда чиқиб келинг, тушлик вақтида сайр қилинг (шунда офисда овқатланишдек ёмон одатдан ҳам қутуласиз).
Сиз ҳеч қанақасига назорат қила олмайдиган нарсалар ҳам борлигини қабул қилинг
Афсуски, стресс биз ҳаётдаги ҳамма нарсани назорат қила олмаслигимизни тан олмаслигимиздан ҳам келиб чиқади. Айримлар муаммолар ҳақида тинимсиз ўйлаб, қаттиққўл назоратчи ролига кириб олади. Бундай одамлар вақт ва кучининг катта қисмини мазмунсиз ваҳималарга бағишлаб юборади.
Бунинг олдини олиш учун режа тузишга уриниб кўринг:
— айни пайтда нимани ўзгартира оласиз ва нимага таъсир ўтказа оласиз?
— ўз қўрқувларингизни топиб олинг.
— одатий фикр юритишни муаммонинг реал ечимини излашдан фарқлаб олинг.
Ўз вақтингиздан самарали фойдаланишни ўрганинг, уни беҳудага сарфламанг.
Кўпчилигимиз ҳеч нарсага улгурмаётганимиз ҳақида шикоят қиламиз. Аммо вақтни ҳам назорат қилишнинг бир қанча йўллари мавжуд:
— йўқ дейишни ўрганинг. Айримлар ёрдам сўралганда рад қила олмагани туфайли шахсий вақт танқислигига дуч келади.
— асосий мақсадларингизни белгилаб олинг. Агар кейинга суриш мумкин бўлган ишларни бажаришга диққат қаратсангиз, ҳақиқатдан ҳам муҳим ишларга вақт қолмайди.
— режали бўлишга ҳаракат қилинг. Кун тартибига кучингиз етадиган ишларни киритинг.
— албатта, дам олишга вақт ажратинг. Дам олмай ишлаш самарадорлигингизни анча пасайтиради.
Хобби ёки қизиқишларингизга вақт ажратинг
Биз одатда хоббини “бекорчи, бўш вақти кўп” одамлар билан боғлаймиз. Аммо аслида тиғиз жадвал бўйича яшайдиган инсонлар хоббига кўпроқ муҳтож бўлади.
Тадқиқотлар ҳафтасига камида 20 дақиқа севимли машғулоти билан шуғулланган одамлар камроқ чарчашини кўрсатади. Хобби исталган кўринишда (жисмоний машқлар, янги кўникмани ўрганиш, санъат билан шуғулланиш) бўлиши мумкин. асосийси, у сизга завқ ва енгиллик ҳиссини бериши керак.
Зарарли одатлардан воз кечинг
Айрим ҳолларда руҳий зўриқишни енгиш ёки бир муддат унутиш учун зарарли одатларга мурожаат қиламиз.
Долзарб муаммолар ечимига диққат қаратиб, вазиятдан чиқиш ўрнига бошқа талабларимизни қондириш ва диққатимизни чалғитишга уринамиз. Аммо бу вақтинча эффект беради холос. Ҳиссиётлар барибир қайтиб келади, уларга яна айбдорлик ҳисси ҳам қўшилади.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш жуда муҳим, шунинг учун қадрдонларингиз билан доимий алоқада бўлинг
Стресс ҳолатида бўлганда онг ости билан бошқалардан ажралиш кераклигини ҳис қиламиз ва ёлғиз қолгимиз келаверади. Аммо аслида бу даврда оила ва дўстлар ҳамроҳлигига доимгидан-да кўпроқ муҳтож бўламиз.
Жонли мулоқот муаммолардан чалғитади, яқинлар эса доим қўллаб-қувватлайди. Умумий мавзуларда суҳбатлашганда камроқ стрессга тушамиз.
Энг муҳими, ўзингизда қандайдир руҳий ўзгариш ёки зўриқишни сезсангиз, мутахассисга мурожаат қилинг. Ҳеч бўлмаганда яқинларингиз билан муаммо ҳақда суҳбатлашинг.








