Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари ҳамда йил якунигача бажарилиши режалаштирилган ишлар юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда жорий йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолиятини такомиллаштириш, харидлар ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга қаратилган икки қарорнинг ижроси муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари кенгайтирилмоқда. Жорий йилда 3D сейсмик разведка ишлари ҳажмини ўтган йилга нисбатан 5 баробарга ошириш режалаштирилган. Йил бошидан буён 5 та янги газ кони очилган, ҳудудларда 6 минг метр ва ундан ортиқ чуқурликда 80 та қудуқ бурғиланган. Тўртинчи чоракда яна 40 та қудуқ бурғиланиши кўзда тутилган.
Истиқболли майдонларни, хусусан, Устюртнинг катта чуқурликдаги қатламларини ўрганиш, янги конларни ўзлаштириш ва мавжуд қудуқлар самарадорлигини ошириш бўйича режалар ҳам тақдим этилди. Бу йўналишда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги қудуқлар бурғиланмоқда, геофизик маълумотлар қайта таҳлил қилинмоқда ва газ қазиб олиш самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тақдимотда «Ўзбекнефтгаз» ва унинг йирик корхоналарининг молиявий натижалари ҳам таҳлил қилинди. Жорий йилнинг тўққиз ойида корхоналарнинг жамланган соф фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Кредит портфелини мақбуллаштириш ҳисобига қарздорлик камайган, юқори фоизли кредитлар шартларини қайта кўриб чиқиш орқали эса фоиз харажатлари тежалган.
Газ транспорт тизимининг ўтказувчанлик қувватини оширишга қаратилган лойиҳалар доирасида янги магистраль газ қувурларини қуриш ва компрессор станцияларини модернизация қилиш режалаштирилган.
Айрим станцияларда замонавий электр двигателларининг ишга туширилиши газ етказиб бериш барқарорлигини ошириш билан бирга, йилига 125 млн куб метр газни тежаш имконини беради.
Шунингдек, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида юзага келган аварияни бартараф этиш ишлари муҳокама қилинди. Жараёнга Хитойнинг ихтисослашган компанияси жалб қилинган. Ҳозирда махсус техника ва ускуналар иш жойига сафарбар қилиниб, қудуқларни бурғилаш жойларида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Аварияни бартараф этишнинг барча босқичларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини ривожлантириш ва молиявий соғломлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Асосий технологик қурилмалар таъмирлангач, заводда дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 30 фоизга, битум 60 фоизга, авиакеросин ишлаб чиқариш эса 5 баробарга ошган.
Келгусида заводни хомашё билан барқарор таъминлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ва қарздорликни камайтириш бўйича чоралар кўрилади. Йил охиригача заводнинг юкламасини 40 фоиздан 65 фоизга етказиш, кейинчалик эса бу кўрсаткични янада ошириш режалаштирилган.
Президент геология-қидирув ва бурғилаш ишлари самарадорлигини ошириш, йирик лойиҳаларни пухта ҳисоб-китоб ва аниқ молиялаштириш манбалари асосида амалга ошириш ҳамда тармоқ корхоналари фаолиятида самарадорликни таъминлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.








