Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди
Бунга айрим ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида вояга етмаганларга қарши содир этган жиноятлари сабаб бўлган.

Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига визалар беришни маълум муддатга тўхтатишни таклиф қилмоқда. Бунга Ўзбекистон фуқаролари Латвияга келганидан кўп ўтмай жиноят содир этган бир нечта ҳолат, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар сабаб бўлган.
Ички ишлар вазирлиги Иммиграция тўғрисидаги қонуннинг 8-моддаси 2-қисмига асосан ушбу масалани вақтинчалик чеклов жорий этиш таклифи сифатида Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида кўриб чиқишни сўраган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, Вазирлар Маҳкамаси мамлакат ички хавфсизлиги ва жамоат тартибига таъсирини баҳолаган ҳолда, муайян учинчи давлат фуқароларидан виза олиш учун аризаларни қабул қилишни ҳамда уларнинг Латвияга киришини маълум муддатга чеклаши мумкин.
“Ўзбекистон фуқароларининг бир нечтаси Латвияга келганидан кейин қисқа вақт ичида, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар содир этган бир вазиятда биз чора кўришга мажбурмиз. Шу сабабли Ўзбекистон фуқароларига виза беришни маълум муддатга тўхтатишни таклиф қилмоқдамиз”, — деган ички ишлар вазири Янис Домбрава.
Режага кўра, чеклов амал қиладиган даврда Латвия масъул идоралари Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиб, мамлакатга кираётган шахсларни текшириш тизимини такомиллаштиради. Мақсад — жамоат тартиби ёки хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шахсларнинг Латвияга кириб келиш хавфини камайтириш.
Бироқ ҳукумат коалициясидаги ҳамкорлар ушбу масалани Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши кун тартибига киритишни маъқулламаган. Чеклов ҳақидаги таклиф Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиши кутилмоқда.








