ХВЖ Украинага қарийб $16 млрд кредит ажратади
Бу маблағлар мамлакатда иқтисодий фаолликни тиклаш учун сарфланади.

Халқаро валюта жамғармаси Украина ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётининг тикланишини қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати қарийб 15,6 миллиард доллар миқдорида кредит ажратиш бўйича келишувга эришганини маълум қилди.
“Даҳшатли гуманитар йўқотишлардан ташқари, Россиянинг Украинага бостириб кириши иқтисодиётга ҳалокатли таъсир кўрсатишда давом этмоқда”, — деди ХВЖнинг Украинадаги миссияси раҳбари Гевин Грей.
Тўрт йиллик режа ташкилот директорлар кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. Бу масала яқин вақт ичида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Ўтган йили Украинада иқтисодий фаоллик 30 фоизга қисқарди. Фонд мамлакат иқтисодиёти уруш натижасида муҳим инфратузилмага етказилган жиддий зарардан секин-аста тикланади, деб тахмин қилмоқда.







