ХВЖ 2023 йил иқтисодий қийин йил бўлишини прогноз қилмоқда
Жамғарма бой давлатларни кучсиз мамлакатларга ёрдам беришга чақирди.

Украинадаги урушнинг оқибати, шунингдек, дунё давлатлари томонидан пул-кредит сиёсатининг кескинлашуви 2023 йилда глобал иқтисодий ўсишнинг 3 фоиздан кам бўлишига олиб келади. Бундай прогнозни Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) раҳбари Кристалина Георгиева айтиб ўтди.
"Жаҳон иқтисодиёти анча вақтдан бери нотинч муҳитда бўлиб, шок ортидан шокни бошдан кечирмоқда. Узоқ даврдаги паст фоиз ставкаларидан инфляцияга қарши курашиш учун зарур бўлган анча юқори ставкаларга тез ўтиш баъзи ривожланган иқтисодиётларда муқаррар равишда банк секторида нотинчликни келтириб чиқарди ва сиёсий қарорларни янада қийинлаштирди", - дейди ХВЖ раҳбари. Унинг фикрича, жаҳон иқтисодиётида кутилаётган қийинчиликларни енгишнинг ягона йўли ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликдир.
Шу билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар ва турмуш нархининг ўсиши фонида у давлатларни ўз аҳолисининг камроқ ҳимояланган қатламларини қўллаб-қувватлаш чораларини кўришга ва бадавлат мамлакатларни "ҳимоясиз" давлатларга ёрдам беришга чақирди.
30 январь куни ХВЖ 2023 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсиши прогнозини 2,9 фоизгача яхшилади. Бу 2022-йил октябр ойида кутилганидан 0,2 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, ташкилот 2024-йилга мўлжалланган глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини 0,1 фоизга пасайтириб, 3,1 фоизга туширди. Иккала кўрсаткич ҳам 2000-2019 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан анча паст (3,8 фоиз).







