Покистоннинг собиқ бош вазири нега ҳибсга олинди?
Имрон Хон чиндан ҳам айбдорми?

Жорий ҳафта Покистонда катта шов-шувлар билан бошланди. Собиқ бош вазир атрофидаги вазият бутун мамлакатда акциялар тўлқинини бошлаб юборган. Мамлакат суди собиқ бош вазир Имрон Хонни “Ал-Қодир” жамғармасига алоқадорликда айблаб, саккиз кунга ҳибсга олди. У Исломобод суд биносида қўлга олинган. Сиёсатчи у ерга ўзига қўйилган бир қатор жиноий ишлар бўйича гаров қўйиш учун келганди. Имрон Хон порахўрлик, тартибсизликлар уюштириш ҳамда терроризмда айбланмоқда.
Мухолифат етакчисига хорижий давлат раҳбарларининг совғаларини сотиш бўйича ҳам айблов қўйилган. Тергов маълумотларига кўра, Хон ва унинг энг яқин тарафдорлари "Ал-Қодир" университетини яратиш учун қўшма трест ташкил қилган, бу эса мамлакат бюджетига 50 миллиард рупий - деярли 14 миллиард рубль миқдорида зарар етказган.
Хон, шунингдек, олинган совғалар ҳақидаги маълумотларни яшириш ва 630 минг доллар (яъни 50 миллион рубль) миқдоридаги давлатга тегишли қимматбаҳо буюмларини сотишда айбланмоқда. Сиёсатчининг тарафдорлари айбловлар сиёсий режа эканлигига ишончлари комиллигини айтишди. Шундан сўнг Хоннинг “Теҳрик-э-Инсаф” партияси покистонликларни кўчага чиқиб, оммавий намойишлар ўтказишга чақирди.
Покистон полицияси оммавий намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган. Мамлакатдаги нотинчликлар фонида интернет ва мобил алоқа ўчирилди. Полиция Имрон Хонни судга зирҳли юк машинасида олиб боради.
“Охирги суд мажлисидан сўнг қонун вакилларига Хонни суд биносида ҳибсга олмаслик ҳақида аниқ кўрсатмалар берилди. Аммо улар, яъни инспекторлар келиб, собиқ бош вазирни таёқ билан калтаклашди, шундан сўнг уни олиб кетишди”, - деди Покистоннинг “Теҳрик-э-Инсаф” партияси адвокати Оқил Хон.
Хоннинг ҳибсга олиниши унинг тарафдорлари томонидан одам ўғирлашдан бошқа нарса эмас деб ҳисобланмоқда. Сиёсатчи воқеаларнинг бундай ривожланишига тайёр бўлган кўринади. Бир кун олдин Хон видеомурожаат ёзиб қолдирган, унда хотиржам кўринган ва ўзининг айбсизлигига ишончи комил эканлигини айтган.
“Бугун мен Исломободга кетяпман. Кўп сонли Рейнжерларни жойлаштириш учун пул сарфлашнинг ҳожати йўқ. Агар кимдадир менинг ҳибсга олинишим учун ордер бўлса, мен билан бевосита боғланинг. Мен қамоққа тушишга тайёрман”, - деди Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон.
Тергов маълумотларига кўра, Хон бюджетга миллионлаб доллар зарар етказган. Аммо ҳамма ҳам бунга ишонмайди.
“Биласизми, аввалига Хон ҳокимиятдан четлаштирилди, кейин эса мамлакат бўйлаб ташвиқот олиб бориш тақиқланди. Сўнг, ниҳоят, уни икки марта ўлдирмоқчи бўлишди ва энди уни ҳибсга олишди. Шундай қилиб, жараён жуда аниқ", - деди Имрон Хоннинг собиқ махсус ёрдамчиси Сайид Зулфиқор Бухорий.
Хон ва унинг 17 нафар ёрдамчисига қарши террор иши шу йилнинг март ойида, сиёсатчи тарафдорлари маҳкама биноси олдида хавфсизлик кучлари билан тўқнаш келган куннинг эртасига очилган. Ўшанда 50 дан ортиқ полициячи тан жароҳати олди, бир нечта машина ва мотоцикллар ёқиб юборилган эди.
Имрон Хон тахминан тўрт йил бош вазир лавозимида ишлаган. Ўтган ойда маҳаллий парламент унга нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилган ва Хон шу асосда юқори лавозимни тарк этган биринчи бош вазир бўлди.
Хусусан, мамлакат сайлов комиссияси уни депутатлик мандатидан, мамлакатнинг федерал ва минтақавий қонун чиқарувчи органларига сайланиш ва тайинланиш ҳуқуқидан беш йилга маҳрум қилди.
Айтганча, Хон Покистонда ҳибсга олинган еттинчи собиқ бош вазирдир. 11 май куни эса Покистон Олий суди расмийларга Имрон Хонни зудлик билан озод қилишни буюрди. Манбаларга кўра, Имрон Хоннинг "ал-Қодир" иши бўйича ҳибсга олиниши Олий суд томонидан “ноқонуний” деб топилган.







