Ғарб урушдан чарчадими?
Кремль Ғарб ёрдам кўрсатишдан чарчаганини таъкидламоқда.

Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганига 1,5 йил бўлди. Бу вақт давомида Ғарб Киевга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Кремль Ғарб ёрдам кўрсатаверишдан чарчаганини таъкидламоқда.
Октябрь ойида Киев халқаро социология институти украиналиклар орасида сўровнома ўтказиб, шу саволни берди.
Тадқиқот натижасида шу аниқландики, Киев иттифоқчилари ёрдамидан айрилиб, Москва билан музокара бошлаши керак, деб ҳисобловчилар сони 30 фоизга етган. Ўтган йил сентябрь ва декабрь ойларида ўтказилган сўровномада бундай ҳисобловчилар сони 15 фоизни ташкил қилар эди.
Сўралганларнинг 65 фоизи Ғарб қўллаб-қувватлови сақланиб қолишига умид қилишини айтди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам яқинда Ғарбнинг ёрдам кўрсатиб чарчагани ҳақидаги тезисини яна бир такрорлади.
Дмитрий Песков, РФ президенти матбуот котиби:
- Биз олдин ҳам бир неча марта такрорлаганимиздек, прогнозларимизга кўра, можародан чарчаш, Киевга ҳомийлик қилавериш каби бу тушунарсиз ҳолатдан чарчаш турли мамлакатлар, жумладан, АҚШда ҳам ўсиб бораверади.
Аммо украиналикларнинг катта қисми, яъни 60 фоизи Ғарб қўллаб-қувватлови аввалгидай кучли эканига ишонади. Экспертлар ҳам бу ёрдам яқин ойларда камаймаслигини айтмоқда.
Жуди Демпси, Европанинг Карнеги маркази ходими:
- Президент Байденнинг Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга 7 ой вақти бор, у бу ҳақда ўзи ҳам айтди. Қўшма Штатлар Украинага жиддий қурол-яроғ етказиб бермоқда. Бу борада ўзгаришлар бўлмайди.
Демпсининг сўзларига кўра, Брюссель томонидан Киевга кўрсатилаётган ёрдам 2022 йил февралидан бери ўзгармаган. ЕИ бундан кейин ҳам Киевга молиявий, сиёсий ва ҳарбий ёрдам беришда давом этмоқчи.
"Уруш давом этаётгандек ҳиссиёт аъзо давлатларда албатта бор. Аммо бу чарчоқ европаликларнинг "бўлди, энди келиша қолинг", дейиши учун етарли эмас, деб ҳисоблайман", - дейди эксперт.
Американинг ташқи сиёсатни ўрганиш институти илмий ходими Максимилиан Гесснинг фикрича, Украина мағлубияти келажакда Европа хавфсизлик тизимига жиддий таъсир кўрсатади. У бу ҳақда ўзининг "Economic War. Ukraine and the Global Conflict between Russia and the West" китобида ёзган.
Максимилиан Гесс:
- Бу можарода нафақат Европа хавфсизлик тизими ва Россиянинг янги агрессияси эҳтимоли, балки украиналиклар ислоҳ қилишга уринаёган иқтисодий ва сиёсий тизимлар ҳам ўйинга тикилган. Улар (украиналиклар) ўзларининг европалик қўшнилари билан бирлашиш ҳуқуқи учун курашмоқда.
Гесснинг фикрича, украиналиклар Европа ва АҚШ ёрдами яқин ойларда камайиши ёки бутунлай тўхташи ҳақида қайғурмаса ҳам бўлади.







