БМТ Покистонни афғонларни депортация қилишни тўхтатишга чақирди
Депортация 1,4 миллиондан ортиқ афғонлар учун катта хавф.

Покистоннинг муҳожирларни депортация қилиш режаси мамлакатда яшовчи 1,4 миллиондан ортиқ афғонларга таъсир қилади. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда Покистонда 2 миллиондан ортиқ ҳужжатсиз афғонлар истиқомат қилади, улардан камида 600 минг нафари Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан кейин келган.
“Биз депортацияга учраганларнинг кўпчилиги Афғонистонга қайтарилса, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқлар, шафқатсиз ва ғайриинсоний муомалалар каби инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши хавфи остида қолишига ишонамиз”, деди ташкилот матбуот котиби Равина Шамдасани.
Унинг айтишича, фуқаролик жамияти фаоллари, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, собиқ ҳукумат амалдорлари ва хавфсизлик кучлари ходимлари, шунингдек, барча аёллар ҳамда қизлар айниқса хавф остида.
“1 ноябрга белгиланган муддат яқинлашар экан, биз Покистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари фалокатига йўл қўймаслик учун кеч бўлмасдан туриб, афғон фуқароларини мажбурий қайтаришни тўхтатишга чақирамиз”, деди Шамдасани.
Шамдасанининг қўшимча қилишича, қиш яқинлашар экан, ҳар қандай оммавий депортациялар шу ой Ҳирот вилоятида содир бўлган бир қатор вайронкор зилзилалардан сўнг давом этаётган Афғонистондаги даҳшатли гуманитар инқирозни янада оғирлаштириши муқаррар.







