Исроил-Ғазо можароси: иқтисодий бозор қандай аҳволда?
Таҳлилчилар яқин 12-18 ойда энергетика ва мудофаа саноати секторига инвестициялар ошишини тахмин қилмоқда.

Айни пайтда Яқин Шарқда давом этаётган ҳарбий можаро нафақат жаҳон ҳамжамияти, балки молия бозорларини ҳам шок ҳолатига тушириб қўймоқда.
Ҳудуддаги вазият жаҳон иқтисодиётига кучли таъсир кўрсатаётгани инвесторларни ўйлантириб қўйди. Энди улар можаро катталашиши эҳтимоли бўлган даврда маблағини нимага хавфсиз тикишни ўйлаши керак.
Глобал инвестицион лойиҳаларга ихтисослашган RCA Research компанияси улар нефть ва мудофаа соҳаларига пул тикишини тахмин қилмоқда. Чунки уларнинг фикрича, можаро камида яқин бир йил давомида бошқа давлатларга ҳам таъсир қилади. Натижада дунёда нефть шоки юзага келади.
Компания маълумотларига кўра, можарога "Ҳизбуллоҳ" ҳамда Ливан ва Суриядаги бошқа гуруҳлар аралашиши эҳтимоли 45 фоизни ташкил этади.
"АҚШ эса Эрон билан тўлиқ масштабли можарога боришдан қочади. Чунки бу нефть оқимини тўхтатиб қўйиши мумкин. Эрон ҳам бундан манфаатдор эмас. Аммо можаро эҳтимоли 30 фоизни ташкил қилади, бу эса жаҳон иқтисодиёти учун жуда катта хавф", - дейди компаниянинг геосиёсий стратеги Мэтт Герткен.
RCA Research фикрича, эскалация эҳтимоли фонида яқин 12-18 ойда нефть нархи кескин кўтарилади. Аммо Ғазодаги уруш бунинг ягона сабаби бўлмайди. Россия ҳам ғарб санкциялари остида нефть қазиб чиқариш ҳажмини камайтириши мумкин. Етказиб беришдаги чекловлар эса хомашё нархи ошишига сабаб бўлади.
Бу вақтда АҚШ иттифоқдошларини ҳимоя қилиш учун мудофаа харажатларини оширмоқда. Европа ҳам мудофаа саноатига кўпроқ маблағ ажратишни бошлади. Бу эса инвесторлар учун яхши имконият демакдир. Аммо Герткен мудофаа ва энергетика соҳаси акцияларини сотиб олишда айланма акциялар нисбатига эътибор қаратиш кераклигини айтмоқда. Бу акциялар нархига иқтисодий ўзгаришлар таъсир қилади.
Ҳозирги иқтисодий ўсиш прогнозлари, жумладан, Халқаро валюта фонди маълумотлари ҳам кейинги йилда ЯИМ ўсиши секинлашишини кўрсатмоқда. Айланма акциялар ҳам 2023 йилга нисбатан пастроқ фойда келтиради. Таҳлилчилар энергетика ва мудофаа сектори кўпроқ даромад олишини айтса-да, инвесторлар тилла ёки АҚШ ғазнасидаги облигациялар каби "барқарор активларга" қизиқмоқда.
Ўтган ҳафтада нефть саноатига узоқ муддатли инвестициялар миқдори икки мартага қисқарди. Хомашё сотиб олиш бўйича шартномалар 398 млн баррелдан 197 млн баррелга тушган.
Бошқа бир экспертлар гуруҳи эса агар ҳарбий ҳаракатлар бошқа ҳудудларга тарқалмаса, Brent маркасидаги нефть нархи 3-4 доллардан кўп қимматлашмаслигини айтмоқда. Аммо агар Эрон ҳам можарога аралашиб, йилига 700 минг баррелдан камроқ нефть қазиб олишни бошласа, у ҳолда хомашё нархи 10 долларга қимматлашиши мумкин.
Учинчи сценарийга кўра, агар АҚШ каби йирик державалар иштирокида тўлиқ масштабли уруш бошланса, жаҳон ЯИМ 1 трлн долларга қисқариши мумкин. Бу жаҳон иқтисодиётидаги рецессияга сабаб бўлади ва нефть нархи 150 доллар ва ундан ҳам қимматлашишига олиб келади.
Ҳар қандай сценарийда ҳам 2024-2025 йилларда АҚШ иқтисодиёти турғунликка тушиб қолади. Бунинг асосий кўрсаткичларидан бири - бу даврда ишсизлик даражасининг юқори бўлишидир. Бундан ташқари, турғунлик эҳтимоли сайлов натижалари ва шу орқали жаҳон иқтисодиёти барқарорлигига таъсир қилади.
Доллар нархи эса ўйнаб туриши мумкин, чунки унинг баҳоси нефть бозоридаги савдога боғлиқ. Экспертлар Япония иенаси ва Швейцария франкини инқирозга чидамли валюталарга киритмоқда. АҚШ ғазнаси облигациялари ҳам шу рўйхатдан ўрин олган. Бундан ташқари, кумуш ва мисга киритилган инвестиция ҳам хавфсиз саналмоқда.







