Саудия Арабистони Жабалия лагерига қилинган ҳужумни кескин қоралади
Ғазода соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужумда 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани, 150 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилди.

Қизил Ярим Ой жамияти маълумотларига кўра, Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Исроил армиясининг кеча Ғазо шаҳридаги Жабалия қочқинлар лагерига уюштирган ҳужумини қоралади. Ғазода соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужумда 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани, 150 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилди.
"Саудия Арабистони Подшоҳлиги исроиллик босқинчи кучларининг қамалда қолган Ғазо секторидаги Жабалия қочқинлар лагерига кўп сонли бегуноҳ фуқароларнинг ўлими ва жароҳатланишига олиб келган ғайриинсоний ҳужумини кескин қоралайди", — дейилади Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Ташқи ишлар вазирлиги "босқинчи кучлар" деб атаган Исроил армиясини аҳоли зич жойлашган ҳудудларга ҳужум қилиш билан халқаро ҳуқуқни бузганликда айблади.
"Бу ҳодиса халқаро ҳамжамият Исроил босқинчи кучларига зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар сулҳга рози бўлиш учун босим ўтказа олмагани туфайли содир бўлди", — дейилади баёнотда.
Исроил армиясининг тушунтиришича, Жабалияга қилинган ҳужумда ҲАМАС қўмондонларидан бири ва ер ости туннеллари нишонга олинган ҳамда яқин атрофдаги турар-жой бинолари уларнинг остидаги туннеллар қулагани оқибатида вайрон бўлган.







