Европанинг ёш монархлари
Улар кимлар ва нима билан шуғулланади?

Ўтган ҳафтада 18 ёшга тўлган Испания маликаси Леонор бутун буён бўйлаб мухлислар йиғмоқда. Айниқса ўтган ҳафтадаги қасамёд маросими таассуротлари ҳали ҳам одамлар ёдидан чиққани йўқ. Тантанали маросимда у Испания конституциясига содиқлигини билдирди. Тўғридан-тўғри эфирда ёритилган қасамёд маросими ижтимоий тармоқларда ҳам етарлича муҳокама қилинди.
Европа қитъасидаги давлатларнинг асосий қисми республика бўлсада, 12 тасида монархия сақланиб қолган. Монархлар реал ҳокимиятга эга эмас, аммо сулола вакиллари мамлакат поп-пейзажи ва ҳатто омма фикрини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Энг машҳур оилалардан бири, шубҳасиз, Британия қироллик оиласидир. Аммо пиарчиларнинг машаққатига қарамай, 70 ёшдан ошган қирол Карл ва қиролича Камилла ёшларнинг кўнглини забт этолмаяпти. Шаҳзода Уильям ва рафиқаси Кэтрин ҳам 40 дан ошган, уларнинг фарзандлари эса TikTok'да машҳур бўлишга ҳали ёшлик қилади.
Қитъада эса малика Леонордан бошқа ёш монархлар ҳам ижтимоий тармоқлар юзига айланиб бормоқда.
Николай, Дания
Бувиси унда фақат Монпез графи унвонини қолдирган бўлсада, 24 ёшли Николайни халқ Дания шаҳзодаси деб атайди. Қиролича Маргрете II нинг невараси карьерасини моделлик бизнесида қурмочда. У 2018 йилда Лондон мода ҳафталигида биринчи марта подиумга чиқиб, Burberry бренди коллекциясини намойиш қилган.
Ҳозир у Франциянинг Dior Homme бренди юзи саналади.
2021 йилда Николай Украинанинг Vogue Man журнали бош саҳифасида пайдо бўлган. Журналга берган интервьюсида у ўзини "очиқ ва камтар инсон" деб баҳолаган.
Элоизе Оран-Нассау
Элоизе Нидерланлия тахтига даъвогар меросхўрлар рўйхатида бешинчи ўринда туради. У собиқ қиролича Беатрикснинг невараси ва амалдаги қирол Виллем-Александрнинг жиянидир. "Селфи қироличаси"нинг Instagram'да 425 минг кузатувчиси бор.
Z авлод вакили сифатида у мухлисларини экологик брендларни танлашга чорлайди ҳамда мода ва гўзаллик бўйича маслаҳатлар улашади. Шу йил бошида Элоиза Нидерландиянинг Nikkie's Makeup Mansion реалити-шоусида ҳакам сифатида қатнашди.
2021 йилда у "Learning By Doing" номли китоб чоп эттириб, унда саёҳатлар, кийим-кечак ва овқатлар ҳақида сўзлаган.







