Россиялик олигархлар санкциялар даврида қаерга учмоқда?
Аввал шунчаки Европага бориб келадиган одамлар энди Европа ҳаво ҳудудига ҳам яқинлаша олмаяпти.

Украинадаги ҳаракатлар бошланишидан олдинги икки йил ичида россиялик олигарх Владимир Евтушенков билан боғлиқ Boeing 737 самолёти бутун дунёни айланиб чиққан эди. Жумладан, у Франция Ривьераси, Сальдив ва Сейшел ороллари ва дунёнинг молиявий марказлари пойтахтларида бўлишга улгурди.
Бу йил давомида эса мазкур самолёт фақатгина Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусь ва Хитойда кўзга ташланган.
Reuters агентлиги Россиянинг бошқа бойлари ҳам хусусий авиатранспортидан фойдаланишга баҳона излаб қолганини айтмоқда. Аввал жаҳоннинг исталган нуқтасига истаган вақтида борган одамлар Украинага ҳужум ортидан берилган санкциялар туфайли уйда қолиш мажбур бўлмоқда.
Бойлар 2022 йил февралидан кейин хусусий самолётини қайта рўйхатга олишга киришди. Худди шу йўл билан санкциялардан қочмоқчи бўлган 50 та самолёт ичида Евтушенковнинг Boeing самолёти ҳам бор.
Россия авиация соҳасидаги юқори лавозимларни эгаллаб турган икки манбанинг сўзларига кўра, бу самолётлар йирик сиёсатчилар ва тадбиркорларга тегишли. Чунки бу самолётлар рўйхатга олинган чет давлатлари, жумладан Аруба ва Мэн ороллари ғарб санкцияларига амал қилади.
Аммо самолётнинг Россия байроғига ўтиши унинг фақатгина мамлакат фуқароларига санкция қўймаган давлатларга парвоз қилиш имкони борлигини билдиради. Шунга қарамай, Россия хусусий ва корпоратив самолётлар паркига тегишли 400 та самолётнинг қарийб ярми чет элда.
Айни пайтда Россия байроғи остидаги бизнес-жетлар сони 145 тага етган, 2022 йилда улар 97 та эди.
Санкция сиёсати доирасида Евроиттифоқнинг 27 давлати Россия самолётларини ўзининг ҳаво ҳудудидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.
Шунинг учун аввал иш ёки дам олиш учун Европага ошиққан олигархлар энди Туркия ёки МДҲ давлатларигача бориб, у ердан бошқа самолётга ўтириб учишга мажбур бўлмоқда. Шунда ҳам агар у шахсий санкцияга тушмаган бўлса, саёҳатини давом эттира олади. Бундай транзит парвозлар ҳар ҳафта қайд этилади.
Юқорида тилга олинган Евтушенковнинг самолёти 2020 йилнинг ўзида Германия, Люксембург, Швейцария ва Мальдивга бир неча мартадан, Хорватия, Чехия ва Сейшел оролларига бир мартадан парвоз қилгани Flightradar24 тарихида қайд этилган. Бундан ташқари, у 105 марта Россияга, 17 марта Францияга, Италия ва БААга 8 мартадан, 5 марта Буюк Британияга ва тўрт марта Туркияга кирган.
2022 йил февралидан бери эса фақат Туркия, БАА, Уммон ва Қозоғистонда бўлган.







