Ўзбекистонга Россия бизнесменлари делегацияси келади
Ташрифлар эртага ҳамда 21-24 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Эртага Россия Федерациясининг Архангельск вилояти губернатори Александр Цибульский бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келади.
Делегация таркибига йигирмадан ортиқ турли ихтисосликдаги корхоналар киради.
“Вилоятда IT, ёғочни қайта ишлаш, енгил саноат, олмос қазиб олиш ва металл буюмлар ишлаб чиқариш каби йўналишларда фаолият юритаётган 20 дан ортиқ корхона ўз маҳсулотларини намойиш этади ва ўзбекистонлик салоҳиятли ҳамкорлар билан музокаралар олиб боради”, — дейилади хабарда.
Уч кунлик ташриф доирасида 17 ноябрь куни Архангельск вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтади.
Шунингдек, Россиянинг Калуга вилоятининг озиқ-овқат саноати, металл конструкциялари, вибропресслар ишлаб чиқариш ва саноатнинг турли йўналишларида лойиҳалаш бўйича фаолият юритаётган тадбиркорлари Ўзбекистонга бизнес миссияси билан келади. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси хабар берди.
Делегация таркибига ҳудуддаги тўртта етакчи корхона киради:
"Партнер М" АЖ - озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шу жумладан веган маҳсулотлар соҳаси учун;
"ЭТEК" МЧЖ - пластмасса буюмлари, металл конструкциялар, махсус ускуналар, шу жумладан сув таъминоти ва канализация учун ускуналар ишлаб чиқариш;
"КЗМИ СНАБ" МЧЖ - паллетли инверторлар, гидравлик кўтариш столлари, вибропресслар ва конвейер ускуналари ишлаб чиқариш;
"Обнинск Сталь Проект" МЧЖ - турли саноат тармоқларида лойиҳалаш.
Бизнес делегациянинг ташрифи жорий йилнинг 21-24 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.







