Биржада АИ-80 бензини харидига киритилган лимит камайди
Аввалроқ ёқилғи қуйиш шохобчалари вакиллари ва брокерлар кунлик чекловни 10 тоннадан 4 тоннагача камайтиришни таклиф қилганди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси товар-хомашё биржасида АИ-80 бензинни харид қилишнинг кунлик лимитини пасайтирди. Бу бўйича қўмита 21 ноябрь куни тегишли қарорни қабул қилди. 22 ноябрдан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилган АИ-80 бензинини биржада харид қилишнинг кунлик лимити 10 тоннадан 4 тоннагача пасайтирилди.
Қўмита ушбу қарор ўтказилган таҳлиллар ва келиб тушган мурожаатлар асосида қабул қилинганини қайд этган.
Бироқ бошқа ишлаб чиқарувчилар — “Seg Tasso”, “Natural gas-stream” ҳамда “Nev silk road oil and gas” кабилар учун истисно тарзида АИ-80 бензинининг кунлик харид лимити 10 тонна бўлиб қолади.
Жорий йилнинг август ойида қўмита АИ-80 русумли бензинни харид қилишнинг кунлик лимитини 5 тонна миқдорида белгилаганди. Бироқ импорт нархларининг ички бозорга таъсирини юмшатиш мақсадида 17 октябрь куни лимитни икки баробарга — 10 тоннагача оширди.
Бунга жавобан ёқилғи қуйиш шохобчалари вакиллари АИ-80 русумли бензинини харид қилиш бўйича кунлик лимитни 10 тоннадан 4 тоннага камайтиришни сўраганди.
Белгиланган лимит ёқилғи қуйиш шохобчаларининг бир қисмини ёпишга олиб келган, биржадан бензин сотиб олишга муваффақ бўлган бошқа АЁҚШларда эса қаторасига навбатлар пайдо бўлди. Ундан кейин қўмита АИ-80 бензинининг улгуржи савдоси билан боғлиқ вазият юзасидан тушунтириш берди.
Шунингдек, товар-хомашё биржасидаги брокерлар ҳам АИ-80 русумли бензинни харид қилишдаги чекловлар харидорлар сонининг қисқаришига олиб келганини билдирди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан киритилган чекловларни нархлар манипуляциясига қарши курашиш билан изоҳлаб, бензин дефицити йўқлигини маълум қилди.







