Финляндия ва Россия ўртасидаги чегара деярли бутунлай ёпилди
Айни пайтда чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган бир неча юз муҳожир ёпилган назорат-ўтказиш пунктида тўпланиб қолгани айтилмоқда.

Мамлакатлар ўртасидаги алоқа учун Мурманскдан 200 километр узоқликда жойлашган энг шимолий ва бориш қийин бўлган «Рая-Жоосеппи» чегара пункти очиқ қолдирилди. Айни пайтда чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган бир неча юз муҳожир аллақачон ёпилган Салла назорат-ўтказиш пунктида тўпланиб қолгани хабар қилинмоқда.
Финляндиянинг даъво қилишича, Россия ҳукумати қочқинлар оқимини атайлаб назорат қилиб, уларни чегара томон жўнатиб юбормоқда. Россия эса бу айбловларни рад этди. Эстония ҳам Россия билан чегараларини ёпиб қўйишга тайёргарлик кўра бошлади. Жума куни Нарва кўпригида “аждар тишлари” деб номланувчи 15 та қўшимча тўсиқ ўрнатилди. Полиция Нарвадаги назорат-ўтказиш пункти яқин орада ёпилиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Норвегия Россия Федерацияси билан чегарада ҳозирча ҳеч қандай қоидабузарлик қайд этилмаганини, аммо муҳожирлар оқими туфайли хавфсизликни таъминлаш учун зарур чораларни кўриши мумкинлигини айтмоқда. Бу ҳақда бош вазир Ёнас Гаҳр Стёр маълум қилди. Бош вазир Норвегия Финляндия-Россия чегарасидаги вазиятни кузатиб бораётганини ва бу масала бўйича Финляндия ва Эстония билан алоқада эканлигини таъкидлаган.







