Олматада ҳостел ёниб кетди, 13 киши ҳалок бўлди
Ёнғин салкам бир соатда ўчирилган.


Олмата шаҳри Фавқулодда вазиятлар департаментига 30 ноябрь куни соат 05:33 да Ади Шарипов кўчасида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Биринчи ўт ўчириш бўлими воқеа жойига 7 дақиқа ичида етиб борган.
“1-қавати ва ертўласи ётоқхонага айлантирилган 3 қаватли турар жой биноси ёнаётгани аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғиннинг умумий майдони 30 квадрат метрни ташкил этади. Кўрилган чоралар билан ёнғин соат 06:22 да ўчирилди”, — дейилади департамент хабарида.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинни текшириш ва ўчириш жараёнида 13 кишининг жасади топилган. Ҳозир уларнинг шахси аниқланмоқда. Улар ис газидан заҳарланиб вафот этган.





