Брюссель марказида отишма юз берди
Оқибатда 4 киши жароҳатланган.

Брюсселдаги Иксель коммунаси полицияси маълумотларига кўра, чоршанба куни кечқурун Бельгия пойтахти марказида отишма содир бўлгани, оқибатда тўрт киши жароҳатлангани хабар қилинмоқда.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30да Туазон д’Ор авенюда бошланган.
Ярадорлардан бири «Toison d’Or» галереяси яқинида, иккинчиси «Apple Store» яқинида, учинчиси эса Рю де Шевалье кўчасида топилган.
“Соат 19:30 атрофида бизга Авеню де ла Тоисон д’Ор кўчасида отишма бўлгани ҳақида хабар берилди. Полиция зудлик билан воқеа жойига етиб борди. Уч нафар ярадор бор. Ҳодиса периметри ўрнатилди. Биз келганимизда жиноятчилар аллақачон қочиб кетишган. Воқеа жойида бир нечта тез ёрдам машиналари ишламоқда. Тергов жараёни олиб борилмоқда", — деб тасдиқлади Брюссель полицияси вакили Ильза Ван де Кир.
Дастлабки маълумотларга кўра, бу теракт эмаслиги, балки маҳаллий гуруҳлар, жумладан, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар иштирокида содир бўлгани айтилмоқда.
Иксель мэри Христос Дулкеридис ҳам воқеа жойида бўлган ва журналистларга воқеа маҳаллий наркотик билан боғлиқ жиноий гуруҳлар ўртасида бўлганини тасдиқлаган.







