Жанубий Кореяда ўқитувчи 90 сония сабаб судга берилди
Мамлакатдаги ўнлаб ўқувчилар ҳукуматдан товон пули талаб қилмоқда.

Жанубий Кореядаги ўнлаб ўқувчилар ҳукуматдан товон пули талаб қилмоқда. Бунга олий ўқув юртларига кириш имтиҳони белгиланган вақтдан 90 сония олдин тугатилгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Камида 39 нафар ўқувчи Сеул марказий округ судига имтиҳонни қайта топшириш учун бир йиллик ўқиш харажатларининг қопланишини сўраб, мурожаат қилган.
Маълум қилинишича, уларнинг ҳар бири 20 миллион вон талаб қилмоқда. Даъво аризасида айтилишича, “Кюнгдонг” ўрта мактабида бўлиб ўтган имтиҳон пайтида биринчи топшириқ тугагани ҳақида хабар берувчи қўнғироқ белгиланган вақтдан 90 сония олдин чалинган.
Расмийларнинг таъкидлашича, масъул ўқитувчи сигнал тугмасини тасодифан босиб юборган. Ўқувчиларнинг айтишича, бу имтиҳон натижаларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган.







