Эрдоған Блинкен билан Ғазодаги вазиятни муҳокама қилди
Учрашув ОАВ учун ёпиқ шаклда ўтказилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған шанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан Швециянинг НАТОга қабул қилиш ҳақидаги аризаси ва Анқарага F-16 қирувчи самолётларини сотиш бўйича музокаралар ўтказди.
Суҳбатнинг яна бир мавзуси Ғазо секторидаги вазият бўлди. Учрашувда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан, Миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Калин ва АҚШнинг Анқарадаги элчиси Жеффри Флаке ҳам иштирок этди.
Учрашув оммавий ахборот воситалари учун ёпиқ тарзда ўтказилди. Бунгача Блинкен ва Фидан ўртасида икки томонлама музокаралар ҳам бўлиб ўтган. Туркия ТИВ маълумотларига кўра, улар Ғазо секторидаги жанговар ва гуманитар инқироз, Швециянинг НАТОга кириши, икки томонлама ва минтақавий масалаларни муҳокама қилган.
Туркиядан кейин Блинкен Греция, Иордания, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Ғарбий Соҳил ва Мисрга йўл олади.







