Париж Олимпиадаси чемпиони кўчада тунни ўтказди
Бунга бир қатор ташкилий муаммолар сабаб бўлган.

Италиялик сузувчи Томас Чеккон Парижда 100 метрга чалқанча сузишда олтин медални қўлга киритди. Ғалабадан бир неча кун ўтгач, йигит уйсиз одам каби скамейканинг орқасида ўт устида ухлаётгани акс этган расм тармоқларда кенг тарқалди. 23 ёшли италиялик спортчи Томас Чекконни Олимпия қишлоғидаги майсада ухлаб ётган ҳолда кўришган. Уни кроссовкасини ечиб, сочиқни устига ёпиб, скамейканинг орқасидаги пиёдалар йўлкаси бўйлаб ётганини кўриш мумкин.
Дам олаётган Чекконни саудиялик эшкак эшувчи Ҳусайн Алиризо пайқаб қолган. У видеони ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифгасига жойлаштирди ва кинояли изоҳ ёзди: "Бугун дам олинг, эртага ғалаба қозонасиз".
Маълум бўлишича, Томас кўчада ухлашининг ўзига яраша сабаби бор. Гап шундаки, италиялик Олимпия қишлоғида спортчилар учун яратилган шароитлардан чарчаган. 100 метрга чалқанча сузишда ғалаба қозонган Чеккон 200 метр мусофага сузишда ижобий натижа қайд эта олмади. Шундан сўнг у спортчиларнинг яшаш шароитларини кескин танқид қилди.
“Шаҳарчада кондиционер йўқ, ҳаво жуда иссиқ, овқат ёмон. Шу сабабдан кўплаб спортчилар сарсон бўлишмоқда. Аввал ёмғир ёғади, кейин иссиқ бўлади, биз етарлича ухлолмаяпмиз. Ҳовуздаги сув эса жуда совуқ. Биз буларнинг барчасидан чарчадик”, - деди италиялик.
Олимпия шаҳарчаси директори Лоран Миконинг таъкидлашича, агар спортчилар ҳали ҳам кондиционерга муҳтож бўлса, улар яқинда унга эга бўлишади.







