Ўзбекистонда енгил автомобиллар импорти кескин қисқарди
Бунга Пискентдаги синов полигонининг ишга туширилиши сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистонга енгил автомобиллар импорти жорий йилнинг январь ойида 5,6 бараварга камайди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълумот берди.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган ой давомида мамлакатга умумий қиймати 31 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 1 796 дона енгил автомобиль импорт қилинган. Шундан:
1 159 донаси (21,6 млн доллар) бензинда ҳаракатланувчи транспорт воситалари;
613 донаси электромобиллар (8,4 млн доллар);
24 донаси гибрид автомобиллар (950 минг доллар).
Таққослаш учун, 2024 йил январь ойида мамлакатга 221,4 миллион долларлик 10 152 дона енгил автомобиль импорт қилинган эди. Шундан:
7 810 донаси бензинда ҳаракатланувчи (157,4 млн доллар);
1 584 донаси электромобил (44,2 млн доллар);
750 донаси гибрид транспорт воситалари (15,5 млн доллар).
2024 йил давомида эса жами 1,27 миллиард долларлик 74 505 дона автомобиль импорт қилинган бўлиб, шундан:
17 480 донаси гибрид автомобиллар (339,3 млн доллар);
24 091 донаси электромобил (224,7 млн доллар).
Таққослаш учун, 2023 йилда автомобиль импорти бундан ҳам юқори бўлган – мамлакатга 1,9 миллиард долларлик 80 235 дона енгил автомобиль келтирилган.
Мутахассислар фикрига кўра, Ўзбекистонга автомобиль импортининг кескин камайишига Пискент туманидаги синов полигонининг ишга туширилиши сабаб бўлиши мумкин. Мазкур полигоннинг ўтказиш қуввати импорт ҳажмининг аввалгидек юқори бўлишига етарли эмас. Бу эса автомобилларни мамлакатга олиб кириш жараёнини мураккаблаштириб, транспорт воситалари нархининг ошишига олиб келиши кутилмоқда.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонга импорт қилинадиган транспорт воситалари Пискент синов полигонида техник текширувдан ўтказилмоқда. Расмийлар бу чоранинг мақсади ҳаракат хавфсизлигини ошириш ва мамлакатга кираётган автомобилларнинг сифатини яхшилаш эканини таъкидламоқда.
Январь ойида техник синовдан ўтиш шартлари янада кучайтирилиб, бу импорт ҳажмининг тез суръатда пасайишига сабаб бўлди. Май ойидан эса қўшимча чекловлар жорий этилиши кутилаётган бўлиб, бу автомобиль импортини янада қисқартириши мумкин. Натижада, автомобиль бозорида аллақачон пасайган талаб фонида нархлар ошиши эҳтимоли юқори, дея қайд этади иқтисодчи Миркомил Холбоев.
Аввалроқ BYD Узбекистан Фасторй қўшма корхонаси ҳукуматдан электромобиллар импортини тартибга солишни сўраганди. Бироқ жамоатчилик вакиллари бундай чекловлар ички бозорда рақобатни йўқ қилишидан хавотир билдирган. Айрим иқтисодчилар фикрича, Ўзбекистонда янги автомобиль заводларининг очилиши нархларнинг пасайишига олиб келмаслиги мумкин, чунки чекловлар импорт ҳажмини янада қисқартиради.







