АҚШ жанубида кучли бўронлар кузатилмоқда
Техасда бўрон сабаб юз минглаб аҳоли электрсиз қолди.

АҚШнинг Техас штатида юз берган кучли бўрон натижасида 160 мингдан ортиқ аҳоли электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда The Washington Post нашри маҳаллий ҳокимият вакилларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, шамол тезлиги сониясига 35 метргача етган. Бўрон оқибатида ўнлаб электр узатиш линиялари ишдан чиққан, шунингдек, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказилган. Штатнинг шимолий ҳудудларидан 200 дан ортиқ талафот ҳолати ҳақида хабарлар келиб тушган.
Маҳаллий вақт билан душанба куни эрталаб 90 мингга яқин киши электр таъминотисиз қолган. Мутахассислар об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви бутун ҳафта давом этишини тахмин қилмоқда. Бўронлар бошқа штатларда ҳам кузатилиши мумкин: Луизиана, Миссисипи, Алабама, Жоржия ва Теннесси хавф остида. Шунингдек, Кентукки шарқида, Ғарбий Виржинияда, Мериленднинг ғарбий қисмида, Огаё ва Нью-Йоркнинг жануби-ғарбий ҳудудларида кучли шамол ва дўл ёғиши эҳтимоли мавжуд.
Техасдаги фавқулодда хизматлар кучли ёмғирлар сабаб юзага келиши мумкин бўлган тошқинларга тайёргарликни бошлаб юборган. Нашрнинг қайд этишича, 2025 йил бошидан бери айнан Техасда бўронлар ва торнадолар энг кўп қайд этилган штат бўлиб қолмоқда. Бунга Мексика кўрфазидаги сув ҳароратининг одатдагидан юқори бўлиши сабаб бўлган.







