Хитойда жосуслик иши: давлат сирларини сотган амалдор ўлимга ҳукм қилинди
Амалдор хорижий давлатга 100 дан ортиқ маълумот етказган, уларнинг 35 таси давлат сири деб топилган.

Хитойда давлат сирларини хорижий давлатга узатган марказий аппарат амалдори ўлим жазосига ҳукм қилинди. У хорижий разведка хизмати билан ҳамкорлик қилиб, 100 дан ортиқ махфий маълумотни етказган. Бу ҳақда Хитой Давлат сирларини ҳимоя қилиш миллий маъмурияти назоратидаги Baomiguan аккаунтида хабар берилди, деб ёзди Reuters.
Хабарга кўра, фақат Ма фамилияси билан таништирилган амалдор хорижда хизмат қилган вақтида чет эл разведка хизмати томонидан ёлланган. Хитойга қайтганидан сўнг у ўзига топшириқ берган шахс кўрсатмаси билан 100 дан ортиқ разведка маълумотини юборган. Уларнинг 35 таси кейинчалик давлат сири деб топилган. Бунинг эвазига Ма 1 миллион юандан (150 минг доллар) ортиқ пул олган.
Номи ошкор этилмаган суд амалдорни ўлим жазосига ҳукм қилиш билан бирга, унинг барча шахсий мол-мулкини мусодара этишга қарор қилган. Бироқ унинг қачон ҳибсга олингани, ҳукм қачон чиқарилгани ва қатл этилган-этилмагани ҳақида маълумот берилмаган.
Шунингдек, Ма қайси ташкилотда ишлагани ва қайси хорижий разведка идораси билан ҳамкорлик қилгани ҳам очиқланмаган. Reuters агентлиги ушбу хабардаги маълумотларни мустақил равишда тасдиқлай олмаган.
Қайд этилишича, Хитой Давлат хавфсизлиги вазирлиги ва давлат сирларини ҳимоя қилиш органлари сўнгги йилларда амалдорларни хорижий разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилмаслик ҳақида огоҳлантириш учун ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқда. Бундай жосуслик ишлари кўпинча қамоқ жазоси, айрим ҳолларда эса ўлим жазоси билан якунланади.
Маълумот учун, 2025 ва 2026 йилларда АҚШ Марказий разведка бошқармаси Хитой бюрократик аппарати ва ҳарбий тузилмалари вакилларини ҳамкорликка жалб қилишга қаратилган видеоларни эълон қилган. Пекин бу ҳаракатларни АҚШнинг бошқа давлатлар сирларини қўлга киритишга уринишлари сифатида баҳолаган.








